12 009.270 so‘m

decrease

-51.570

13 688.170 so‘m

decrease

-66.010

153.750 so‘m

decrease

-1.250

12 009.270 so‘m

decrease

-51.570

Якин 28 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
34

Президент ёшлар учун янги имтиёз ва имкониятларни эълон қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва стартапларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзларни эълон қилди. Жумладан, битирувчини ишга олган тадбиркорларга солиқ енгиллиги, ёшларга 300 млн сўмгача фоизсиз ссуда, эҳтиёжманд оилалардаги ёшларга ноутбук хариди учун ёрдам берилиши белгиланди.

Президент ёшлар учун янги имтиёз ва имкониятларни эълон қилди
Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда ёшларнинг касб ўрганиши, ишга жойлашиши, тадбиркорлик бошлаши ҳамда ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритишини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди.

Касб ўрганиш учун ваучер ва фоизсиз ссуда

Ҳар йили 500 минг нафар ёшни замонавий касбларга ўқитишга мўлжалланган “Келажак билимлари экотизими” ташкил этилади.

Ўқув маркази очмоқчи бўлган ёшларга ер участкалари ва давлат объектлари имтиёзли шартларда берилади. Марказлар учун зарур инфратузилма давлат ҳисобидан қурилиб, бинони қуриш ва жиҳозлаш учун олинган кредитлар фоизининг бир қисми компенсация қилинади.

Янги кўникмаларни ўрганмоқчи бўлган ёшлар учун “касб ваучери” жорий этилади. Ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг замонавий касбларни эгаллаш харажатлари фоизсиз ссуда ҳисобидан қопланади.

Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёшга эса хусусий ўқув марказларида бепул ўқиш имконини берувчи ваучер тақдим этилади. Ушбу тизимга 2026 йилнинг ўзида 120 млрд сўм ажратилиши белгиланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб хусусий техникумларга ҳам ёшларни касбга ўқитиш учун давлат грантлари ажратилади. Хусусий техникумлар фаолияти учун лицензия талаблари соддалаштирилади. Халқаро касб танловларида ғолиб бўлган ёшлар ва уларнинг устозлари пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.

Битирувчини ишга олган тадбиркорга солиқ имтиёзи

Олий таълим муассасаси битирувчисини ишга олган тадбиркорлар учун ёш мутахассисга нисбатан даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари бир йил давомида 1 фоиз этиб белгиланади.

Президент администрацияси ҳисоб-китобига кўра, ушбу имтиёз қарийб 200 минг нафар олийгоҳ битирувчисининг ишга жойлашишига ёрдам бериши мумкин.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизматдан, миграциядан ёки жазони ўташ муассасаларидан қайтган ҳамда жисмоний имконияти чекланган ёшларни иш ва касб билан таъминлаш учун “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий қилинади.

Шунингдек, “Устоз — талаба” дастури доирасида уюшмаган ёшларга таълим олиш, касб ўрганиш ёки ишга жойлашишда кўмаклашган талабаларни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

Ёшлар 300 млн сўмгача фоизсиз ссуда олади

Йиғилишда “Ёшлар мини-франшизаси” дастурини ишга тушириш ҳам эълон қилинди.

Дастур доирасида маҳаллий брендларнинг франшизасини олиб, тайёр бизнес модель асосида фаолият бошламоқчи бўлган ёшларга Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан 300 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади.

“Кафолатланган биринчи қадам” ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларига жами 500 млрд сўм йўналтирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси юқори даромад ва кўплаб иш ўринлари яратадиган бизнес лойиҳаларга 5 млрд сўмгача инвестиция киритади. Янги тизим орқали камида 300 минг нафар ёшнинг ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиш режалаштирилган.

Контрактга чегирма ва ипотека имкониятлари

Ёшларнинг таълим, касб, тадбиркорлик, илм-фан ва жамоатчилик фаолиятидаги натижаларини баҳоловчи “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ташкил этилади.

Платформада юқори натижага эришган ёшларга:

  • таълим гранти;
  • контракт тўловига чегирма;
  • касб ваучери;
  • имтиёзли кредит;
  • хорижий стажировка;
  • давлат кадрлари захирасига кириш;
  • ипотека олиш бўйича қўшимча имкониятлар берилади. 

Шунингдек, касб ва хорижий тил ўрганиш, иш топиш ҳамда тадбиркорлик бўйича хизматларни бир жойда кўрсатадиган Ёшлар хаблари ташкил қилинади. Дастлабки тажриба Сурхондарё вилоятида бошланиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга татбиқ этилади.

Ҳар йили 2 минг ёш хорижда стажировка ўтайди

Давлат бошқаруви учун иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида бешта йўналиш бўйича “ТОП-100” дастури йўлга қўйилади. Ғолиблар мукофотланиб, раҳбарлик лавозимларига тавсия қилинади.

Вазирликлар ва йирик тармоқлар иқтидорли ёшларни ўз йўналишлари бўйича танлаб, халқаро ташкилотларга стажировкага юборади. Ҳар йили 2 минг нафар ёшни хорижий стажировкалар билан қамраб олиш режалаштирилмоқда.

Хорижнинг етакчи олийгоҳларида ўқиётган 14 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшнинг таътил вақтида мамлакатдаги вазирликлар, ҳокимликлар, давлат ва хусусий компанияларда амалиёт ўташи учун рақамли платформа яратилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эндиликда ёшларни хусусий компаниялар буюртмаси асосида ҳам нуфузли хорижий университетларда ўқитиш имконияти йўлга қўйилади.

100 та стартапга 1 млрд сўмгача инвестиция

Ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудда “1 мингта масалага — ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳаси амалга оширилади.

Ёшлар ишлари агентлиги бизнес, ахборот технологиялари ва креатив иқтисодиёт йўналишидаги 100 та энг яхши стартап лойиҳага 1 млрд сўмгача инвестиция киритади.

Хорижий тилларни яхши биладиган ёшлар томонидан Ўзбекистоннинг тарихи, туризм салоҳияти ва экспорт имкониятлари ҳақидаги материалларни яратиш учун “рақамли контент” платформаси ишга туширилади. Платформага ҳар йили 20 млрд сўмдан маблағ ажратилади.

10 минг ёшга компьютер олиш учун ёрдам

2026 йилда 20 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари очилади. Ёшлар ушбу лабораториялар ва “Рақамли ҳукумат” марказидаги суперкомпютер имкониятларидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.

Янги АТ парклар ҳисобидан 20 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилган. “Менинг биринчи компьютерим” дастури орқали эҳтиёжманд оилалардаги 10 минг нафар ёшга ноутбук харид қилиш учун ёрдам берилади.

АТ ва сунъий интеллект йўналишида ўқиётган талабалар учун дуал таълим кенгайтирилади. Шунингдек:

  • “Муҳаммад ал-Хоразмий” давлат стипендияси;
  • иқтидорли қизлар учун “Муҳандис қизлар” стипендияси таъсис этилади.

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига берилаётган 1 млрд сўмлик мукофот сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиада ғолибларига ҳам татбиқ қилинади.

АТ паркларда компьютер ва мобил ўйин ишлаб чиқувчилар учун инкубация марказлари очилади. Ҳар йили миллий руҳдаги камида 20 та компьютер ва мобил ўйин яратиш учун давлат буюртмаси берилади.

Ёшлар ташаббусларига 50 млрд сўм

Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун “Ватан меҳри — ижтимоий ташаббуслар” танлови ҳамда ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларга ёрдам берувчи “Қанот” лойиҳаси ташкил этилади.

“Ёшлар ташаббуслари марафони” доирасида билдирилган таклифларни амалий лойиҳага айлантириш учун “Ташаббуслар офиси” очилиб, ушбу йўналишга 50 млрд сўм ажратилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+