12 078.470 so‘m

increase

10.870

14 234.480 so‘m

decrease

-5.290

155.230 so‘m

increase

1.520

12 078.470 so‘m

increase

10.870

3 соат аввал
Иқтисодиёт
39

Президент мурожаати: 2030 йилга бориб Ўзбекистон ЯИМи $240 млрдга етиши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, бугунги кунда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми $145 млрддан ошган, экспорт 23 фоизга кўпайган, олтин-валюта захиралари эса 60 миллиард доллардан юқори даражага етган. 

Мазкур ижобий суръатлар сақланиб қолса, 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини $240 млрдга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Президент мурожаати: 2030 йилга бориб Ўзбекистон ЯИМи $240 млрдга етиши кутилмоқда
Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида бундан тўққиз йил аввал мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш улкан ва узоқ муддатли мақсад бўлиб кўринганини таъкидлади.

“Бугун эса тарихимизда илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Бу натижа халқимизнинг, бутун жамиятимизнинг нақадар катта салоҳиятга эга эканини яққол намоён этмоқда”, — деди Президент.

2030 йилга бориб ЯИМ $240 млрдга етиши мумкин

Жорий йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида салмоқли натижалар қайд этилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга қадар 160 миллиард долларга етказиш режалаштирилган эди. Бироқ ҳозирги суръатлардан келиб чиқиб, бу маррага 2026 йилнинг ўзидаёқ эришиш имкони мавжуд.

Президентнинг таъкидлашича, мавжуд иқтисодий салоҳият, олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик фаоллигининг ортиши ҳамда хорижий шериклар билан ҳамкорликнинг кенгайиши бунга мустаҳкам замин яратмоқда.

Шу билан бирга, глобал рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда малакали кадрлар, замонавий технологиялар ва юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқлар ҳал қилувчи аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Хусусан, биоинженерия, илғор агротехнологиялар, сув тежовчи усуллар, “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқариш, шунингдек, таълим ва тиббиёт соҳаларида илғор хорижий тажрибани жорий этиш иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ушбу йўналишларда изчил ислоҳотлар амалга оширилса, келгуси беш йил ичида мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Рекорд даражада кўпайган захиралар ва оширилган халқаро рейтинглар

Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда жорий йил экспорт 23 фоизга ошиб, $33,4 млрдга етказилиши таъкидланди. Олтин-валюта захиралари илк бор $60 мрлддан ошди.

Иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми $43,1 млрдга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда.

Таъкидланишича, бу — иқтисодиёт келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.

Етакчи халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтингини “ББ-"дан “ББ” поғонасига кўтарди.

“Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди. Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1−1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига $250−300 млнга камаяди”, — деди президент.

Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+