12 998.910 so‘m

increase

13.900

13 439.570 so‘m

increase

154.610

131.290 so‘m

increase

1.450

12 998.910 so‘m

increase

13.900

13 январь, 22:43
Иқтисодиёт

Paynet АЖ $65 миллионга HUMO тўлов тизимини сотиб олди

Paynet кеча ва бугун: 2024 йилда яширин равишда хусусийлаштирилган компания 2025 йилга келиб HUMO тўлов тизимини хусусийлаштириб олди.

Paynet АЖ $65 миллионга HUMO тўлов тизимини сотиб олди

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини Paynet АЖ 65 млн АҚШ долларига сотиб олди.

Савдо жараёнининг “Савдонинг асосий шартлари тўғрисидаги битим” талаблари асосида ташкил этилган босқичида 3 талабгор мажбуриятга эга бўлган таклифларни тақдим этди. Бироқ келтирилган хабарда қолган икки талабгорнинг номи ва улар томонидан берилган таклифлар хусусияти маълум қилинмаган.

Савдонинг асосий босқичида мажбуриятга эга бўлган таклифларни (БО) топширган уч иштирокчи орасидан энг юқори харид нархини таклиф қилган Paynet АЖ савдо ғолиби деб топилган. Бу ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

Paynet кимга тегишли?

Paynet брендининг эгаси бугунги кунда Paynet АЖ (аввалги номи UZPAYNET МЧЖ) ҳисобланади. Компания 2005 йил 12 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Paynet’га финтех-тадбиркор Ботир Арифджанов ва унинг шериклари томонидан асос солинган.

Основатель Paynet Ботир Арифджанов предложил создать краудфандинговую  платформу – Spot
Paynet асосчиси Ботир Арифджанов

Ботир Арифджановнинг LinkedIn саҳифасидаги маълумотга кўра, у 2000 йил декабрдан 2008 йил февралгача бош вазир ўринбосари, хусусан, иқтисодиёт вазири ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Қозоғистонлик тадбиркор ва блогер Амирхан С Омаров билан видеосуҳбатда Орифжонов Россиянинг QIWI компанияси 2009 йилда Paynet’га харидор бўлгани ва унинг активларини 10 миллион АҚШ долларига баҳолаганини айтган.

“Пик Скартариса” Telegram каналида айтилишича, Ботир Арифджанов ва унинг шериклари ўшанда чиндан ҳам компаниянини сотиш учун Москвага боришган ва келишувга ҳам эришилган. Бироқ эртаси куни тўсатдан компанияни сотиш кераклиги ҳақида QIWI’дан эмас, балки “бошқа кишилардан” қўнғироқ бўлади. Шундай қилиб, 2009 йилда Paynet “янги эгалари” қўлига ўтади.

2018 йилга келиб, Paynet билан боғлиқ янгилик рўй беради. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.2018 йилдаги 3694-сон қарорига асосан компания Халқ банкига ўтказилиши маълум бўлади.

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 октябрдаги ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилган “UzPaynet” МЧЖ устав фондидаги 37,5 фоиз улушни кейинчалик давлат улушини ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, дейилади президент қарорида.

Шундан сўнг, активлар 100 фоизгача етказилган ва 2018 йилда тўлиқ Халқ банки тасарруфига ўтказилган эди.  

Paynet’нинг хусусийлаштирилиши

2022 йил август ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Paynet’нинг (ўша пайтда юридик номи “UZPAYNET” МЧЖ – таҳр.) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди. Бироқ шу йил октябрь ойига келиб, қўшимча равишда аниқлик киритилиши зарур бўлган ҳолатлар юзага келганлиги муносабати билан, талабгорларнинг мажбуриятга эга бўлмаган таклифларини (NBO) қабул қилиш муддати кечиктирилганди.

2024 йилда Paynet’dagi 100 фоиз давлат улуши яширинча (чунки бу ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилмаган) New Industrial Technologies МЧЖга сотилгани ошкор бўлди.

Paynet’нинг янги эгаси

Давлат реестрига кўра, New Industrial Technologies МЧЖга 100 фоиз улуш билан Абдурахманов Мустафа Оразбаевич эгалик қилади. Paynet’ни сотилгани ошкор бўлган даврда (2024 йил) ушбу корхонанинг таъсисчилари ичида 60 фоиз улуш билан Алекс Ли ҳам бўлган. Аммо бугунга келиб, у таъсисчилар сафидан чиққан.

Мустафа Абдрахманов, шунингдек, ASIA ALLIANCE BANK АЖнинг 77,3 фоизига эгалик қиладиган ASIA ALLIANCE GROUP МЧЖ ҚКнинг 77,61 фоиз улуш билан таъсисчиси ҳисобланади.

Ботир Арифджанов ва Мустафа Абдрахмановнинг боғлиқлиги

Paynet’нинг билвосита бугунги эгаси ҳисобланган Мустафа Абдрахманов ва компаниянинг собиқ эгаси Ботир Арифджанов ўртасида бир қатор боғлиқлик мавжуд. 

Абдрахманов Арифджановнинг BEE (Миср) компаниясида тижорий директор ва Technobiz (Сингапур) компаниясида сотув департаменти раҳбари лавозимида ишлаган. Арифджанов “UzPAYNET” МЧЖнинг мулкдори ва таъсисчиси бўлган даврда (2007- 2010 йиллар) Абдрахманов Paynet’нинг Қорақалпоғистон республикаси бўйича минтақавий вакили бўлиб ишлаган.

Paynet’нинг бош директори ва Арифджанов ўртасидаги боғлиқлик

Paynet сегодня: в компании поделились ключевыми показателями ...
Paynet бош директори Анвар Исамухамедов

Paynet’нинг ҳозирги бош директори Исамухамедов Анвар Садикович ҳам бир вақтлар компаниянинг асосчиси ва собиқ эгаси Ботир Арифджановнинг компанияларида турли юқори лавозимларда фаолият юритган. Масалан, 2022 йил октябрдан 2023 йил октябргача унинг Британиядаги компанияси GEOMOTIVE LTD’да директор, Bee Smart Payment Solution’да сотув менежери, Technobiz компаниясида бизнес консультант бўлган. Исамухамедов, шунингдек, Paynet Арифджанов бошқарувда бўлган йилларда компанияда бош сотув менежери бўлиб ишлаган.

Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари ва Арифджанов ўртасидаги боғлиқлик

Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов ҳам Ботир Орифжоновга алоқадор шахс ҳисобланади. Улар нафақат бир вақтлар бирга ишлашган, балки ҳозир ҳам ишлашда давом этишмоқда.

Камилов Paynet очилган йилда ҳам жамоада бўлган. 2008-2009 йилларда эса у компания бош директори лавозимида ишлаган. Paynet улушлари давлатга ўтказила бошлагандан кейин эса у ҳам худди Арифджановдек компаниядан кетган.

2009-2010 йилларда эса Арифджанов Сингапурда ташкил қилган Technobiz компаниясида Маркетинг масалалари бўйича директор бўлиб ишлаган. Камилов 2010 йилдан то ҳозиргача у Арифджанов ташкил этган Basata компаниясида турли лавозимларда, ҳозир эса бош технология мутахассиси бўлиб ишлайди. 

Бундан ташқари, Paynet’нинг ҳозирги таъсисчиси, директори ва унинг биринчи ўринбосари Ботир Арифджановнинг эски танишлари, яъни аввалги жамоасидан эканлигини билиш мумкин. 

Шундай қилиб, бир йил ичида давлат улуши 100 фоиз бўлган мамлакатдаги иккита йирик тўлов тизими (Paynet va HUMO) эгалиги битта қўлга ўтди. Яъни 2024 йилда Paynet жамоатчиликдан яширин равишда (битим қиймати ҳам маълум эмас) сотиб юборилди, Paynet АЖнинг ўзи эса 2025 йилга келиб, HUMO тўлов тизимини сотиб олди.

HUMO’ни яна кимлар сотиб олишга қизиқиш билдирган эди?

HUMO’ни сотиб олмоқчи бўлганлар орасида анча йирик компания –Қозоғистондаги фин-теx гиганти Kaspi ҳам бор эди. Бу ҳақида Forbes нашрининг Қозоғистон бўлими 27 август куни хабар берган. Қайд этилишича, Kaspi HUMO’нинг янги бизнес моделини ишлаб чиқишни, нақдсиз тўловларни кўпайтиришга ҳисса қўшишни, технология ва ходимларга катта инвестиция киритишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Kaspi 2024 йил январда Америкадаги энг йирик фонд биржаси ҳисобланган NASDAQ да IPO ўтказган ва унинг акциялари АҚШда листинг бўлган эди. Нашрга кўра, бу АҚШдаги энг йирик оммавий таклифлардан бири бўлган. Компаниянинг ҳозирги капиталлашуви эса 24 млрд доллардан ошади. Бироқ Kaspi 2024 йил ноябрь ойида аниқ сабаблар келтирмаган холда HUMO’нинг хусусийлаштиришида қатнашмаслигини эълон қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров HUMO’ни хусусийлаштирилиши билан боғлиқ жараёнлар юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:

“Хусусийлаштирилган” тўлов тизимининг янги эгаси шуниси билан биз кўрган универсал монополистлардан фарқланадики (антимонополия тан оладими ё йўқми), у феълан иккита банк ва битта йирик тармоқли тўлов ташкилоти билан аффилланган.

 

Табиийки, аффилланган иккита тижорат банки бошқа 34 та банкдан кўра устунроқ имконият ва қулай позицияларга эга бўлади. Шу билан бирга, Paynet 40дан ортиқ бошқа рақобатчиларига нисбатан HUMO танасига яқинроқ бўлади.

 

Ўзи рақобат муҳитига акс таъсир этмаслиги учун банкларнинг тўлов тизими ва тўлов ташкилотига, тўлов тизимларининг банклар ё тўлов ташкилотларига эгалиги ва аффилланиш чегаралари қонун билан чекланиши тўғри бўларди. Афсуски, биз бу йўлдан юрмадик”, - деб ёзди иқтисодчи.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+