12 129.010 so‘m

increase

37.790

13 968.980 so‘m

increase

124.530

147.990 so‘m

decrease

-1.170

12 129.010 so‘m

increase

37.790

Якин 2 соат ичида
Банк
23

Ўзбекистонликлар пулларини банкдан кўра кўпроқ “кўрпача остида” сақлашни афзал кўрмоқда

Марказий банк ва Осиё тараққиёт банки ўтказган сўровга кўра, Ўзбекистонда респондентларнинг қарийб ярми маблағларини уйда ёки ҳамёнда нақд кўринишда сақлайди. Респондентларнинг 73 фоизи банк омонатлари ҳақида хабардор бўлса-да, улардан атиги 6 фоизи фойдаланади. Шунингдек, ўзбекистонликларнинг 39 фоизи умуман жамғарма қилмаслиги маълум бўлди.

Ўзбекистонликлар пулларини банкдан кўра кўпроқ “кўрпача остида” сақлашни афзал кўрмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистонликлар пулларини асосан нақд ва норасмий усулларда жамғаради. Бу ҳақда Марказий банк ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ўтказилган сўров натижаларидан келиб чиқади.

Тадқиқотга кўра, респондентларнинг қарийб ярми маблағларини уйда ёки ҳамёнда нақд кўринишда сақлашини билдирган. Марказий банк таҳлилига кўра, бу аҳолининг тез ва осон фойдаланиш мумкин бўлган жамғарма шаклларига кучли афзаллик бераётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, мамлакатда расмий жамғарма воситаларидан фойдаланиш даражаси ҳали паст бўлса-да, сўнгги йилларда сезиларли ўсиш кузатилган. 

Агар 2021 йилда респондентларнинг атиги 2,6 фоизи расмий воситалар орқали жамғаришини билдирган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич уч баравардан кўпроқ ошган. Ҳозирда аҳолининг 6 фоизи маблағини жорий ҳисобларда, 1,4 фоизи эса омонат ҳисобларида сақлайди. Умуман олганда, расмий жамғарма воситаларидан фойдаланувчилар улуши респондентларнинг 7 фоизини ташкил этади.

Мутахассислар бу кўрсаткичлар ҳали паст бўлса-да, молиявий саводхонликнинг ошиб бораётгани ва молиявий хизматлардан фойдаланиш аста-секин кенгаяётганини англатишини таъкидлайди.

Сўров натижалари жамғарма одатларида ҳудуд, таълим даражаси ва бандлик бўйича сезиларли тафовутлар мавжудлигини ҳам кўрсатди. 

Масалан, респондентларнинг 73 фоизи омонат хизматлари ҳақида хабардор, бироқ улардан атиги 6 фоизи фойдаланади. Бу молиявий маҳсулотлар орасидаги энг катта тафовутлардан бири ҳисобланади.

Иштирокчиларнинг 39 фоизи умуман жамғарма қилмаслигини билдирган. Бу ҳолат, айниқса, шимоли-ғарбий ҳудудларда ва таълим даражаси паст бўлган гуруҳларда кўпроқ учрайди. Аксинча, таълим даражаси ошгани сари жамғарма қилиш эҳтимоли ҳам ортади. Масалан, Тошкент шаҳрида (25%) ва олий маълумотга эга респондентлар (27%) орасида жамғарма қилмаслик камроқ кузатилади.

Бандлик ҳолати ҳам муҳим омил ҳисобланади. Талабалар орасида 26 фоиз, иш билан банд бўлмаганлар орасида 32 фоиз, нафақадаги респондентларда эса 46 фоиз жамғарма қилмаслигини билдирган.

Тадқиқот шунингдек, аёллар ва кексалар орасида жамғарма қилмайдиганлар улуши нисбатан юқорироқ эканини кўрсатди. Жамғарма қилаётган респондентларнинг эса атиги 7 фоизи ўз маблағлари бўйича фоиз даромади олаётганини билдирган. Бу кўпчилик жамғармалар норасмий ёки фоиз тўланмайдиган шаклларда сақланаётганини англатади.

Умуман олганда, аҳолининг молиявий маҳсулотлар ҳақида хабардорлиги юқори бўлса-да, омонатлар ва бошқа расмий жамғарма воситаларидан фойдаланиш даражаси ҳали ҳам пастлигича қолмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+