Ўзбекистонда хусусий банклар давлат банкларидан қарийб уч баравар тез ўсмоқда
Ўзбекистонда давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларнинг активлари бир йил ичида 32,5 фоизга ошган. Давлат иштирокидаги банкларда эса ўсиш 11,6 фоизни ташкил этган. Натижада давлат банкларининг банк тизими жами активларидаги улуши қарийб 4 фоиз пунктга қисқарган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1-сентабр ҳолатига мамлакатдаги тижорат банкларининг жами активлари 1 025,8 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 162,6 трлн сўм ёки 18,8 фоиз кўп.
Шундан 628,3 трлн сўми давлат улуши мавжуд тўққизта банкка, қолган 397,5 трлн сўми эса 26 та нодавлат банкка тўғри келган.
Бир йил давомида давлат банкларининг активлари 11,6 фоизга, қолган банкларники эса 32,5 фоизга ошган. Нодавлат банкларнинг ўсиш суръати давлат банклариникидан қарийб 2,8 баравар юқори бўлган.

2025 йил сентабрида давлат банкларининг активлари қарийб 563 трлн сўмни, бошқа банкларники эса 300 трлн сўмни ташкил этган. Бир йил ичида давлат банклари активлари 65 трлн сўмдан, нодавлат банкларники эса 97 трлн сўмдан кўпроққа ошган.
Натижада банк тизимидаги активлар ўсишининг қарийб 60 фоизи нодавлат банклар ҳиссасига тўғри келган.
Давлат банкларининг бозордаги улуши қисқармоқда
2025 йил сентабрида давлат иштирокидаги банклар жами активларнинг 65,2 фоизини назорат қилган бўлса, 2026 йил сентабрига келиб бу кўрсаткич 61,2 фоизгача пасайган.
Аксинча, нодавлат банкларнинг улуши 34,8 фоиздан 38,8 фоизгача ошган.
Шунга қарамай, давлат банклари Ўзбекистон банк тизимида етакчи мавқейини сақлаб қолмоқда. Уларнинг ҳиссасига барча кредитларнинг 65 фоизи ва депозитларнинг 51 фоизи тўғри келади.
Активлар ҳажми бўйича Ўзбекистон Миллий банки етакчилик қилмоқда. Унинг активлари 142,8 трлн сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Агробанк 126,3 трлн сўм ва Ўзсаноатқурилишбанк 101,8 трлн сўмлик активлар билан жойлашган.
Айни пайтда активлари 30 трлн сўмдан ошган 12 та банк мамлакат банк тизими жами активларининг 78,5 фоизини жамлаган.
Банклардаги депозитлар кредитлардан тезроқ ўсмоқда
Марказий банк маълумотларига кўра, банк тизимининг кредит портфели бир йил ичида 11,7 фоизга ошиб, 648,9 трлн сўмга етган.
Депозитлар эса бундан қарийб уч баравар тез — 34,1 фоизга ўсиб, 487,6 трлн сўмни ташкил этган.
Натижада банкларнинг кредитлари ва депозитлари ўртасидаги нисбат 160 фоиздан 133 фоизгача пасайган. Бу депозит базаси кредит портфелига нисбатан тезроқ кенгаяётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, банкларнинг жами капитали 17,6 фоизга ошиб, 151,5 трлн сўмга етган. Муаммоли кредитлар ҳажми эса 24 трлн сўмни ёки жами кредит портфелининг 3,7 фоизини ташкил этган.









