12 093.350 so‘m

increase

4.370

13 867.440 so‘m

increase

65.450

155.220 so‘m

increase

0.750

12 093.350 so‘m

increase

4.370

1 соат аввал
Бозор
59

Ўзбекистонда уй-жой нархлари бир йилда 4 фоизга ошди

2026 йилнинг II чорагида квартиралар бирламчи бозорда 7,1 фоизга, иккиламчи бозорда 4,2 фоизга қимматлашди. Эндиликда нархлар индекси уй-жойнинг майдони, жойлашуви ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олувчи янги методология асосида ҳисобланмоқда.

Ўзбекистонда уй-жой нархлари бир йилда 4 фоизга ошди
Фото: AI/Pinkod.uz

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг II чорагида Ўзбекистонда турар жой кўчмас мулки нархлари ўтган чоракка нисбатан 1,3 фоизга, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан эса 4 фоизга ошган.

Квартиралар нархи бир йил давомида ўртача 5,5 фоизга қимматлашган. Жумладан, бирламчи бозорда нархлар 7,1 фоизга, иккиламчи бозорда эса 4,2 фоизга кўтарилган.

Якка тартибдаги уйлар нархи 2025 йилнинг II чорагига нисбатан 2 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида квартиралар нархи бир йилда 3,9 фоизга, республиканинг бошқа ҳудудларида эса ўртача 7 фоизга кўтарилган.

Нархлар энди янги усулда ҳисобланади

2026 йилнинг II чорагидан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой бозори нархлари индексини ҳисоблаш методологияси янгиланди. Янги тартиб халқаро стандартлар асосида, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган.

Асосий ўзгаришлардан бири — гедоник регрессия усулининг жорий этилиши бўлди. Мазкур усул уй-жойнинг умумий майдони, жойлашуви, қавати, хоналар сони, бино тури ва бошқа хусусиятларни ҳисобга олиб, нархлар динамикасини аниқроқ баҳолаш имконини беради.

Масалан, бир чоракда катта ва қиммат квартиралар, кейинги чоракда эса кичик ва арзонроқ уйлар кўпроқ сотувга қўйилса, оддий ҳисоблаш усулида бу ҳолат ўртача нархга таъсир қилиши мумкин. Янги методология эса уй-жойларнинг хусусиятларидаги фарқларни ажратиб, нархнинг соф ўзгаришини баҳолайди.

Шунингдек, индекс қамрови ҳам кенгайтирилди. Аввал ҳисоб-китобларда асосан квартиралар инобатга олинган бўлса, эндиликда иккиламчи бозорда сотувга қўйилган якка тартибдаги уйлар ҳам статистик кузатувга киритилади.

Маълумотларнинг асосий манбаси сифатида OLX.uz платформасидаги уй-жой сотиш эълонларидан фойдаланилади. Айрим ҳудудларда маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда кўчмас мулк агентликлари ва риелторларнинг очиқ Telegram каналларидаги эълонлар ҳам ўрганилади.

2026 йилнинг биринчи ярмида индексни ҳисоблаш учун ҳар чоракда қарийб 150 мингта нарх таклифи таҳлил қилинган. Бунда эълонлардаги нархлар уй-жойнинг якуний сотилган қиймати эмас, сотувчилар томонидан таклиф этилган нархлар эканини ҳисобга олиш лозим.

Янги ва аввалги кўрсаткичларни таққослаш имконини сақлаб қолиш мақсадида 2024 йилдан бошланган уй-жой нархлари динамикаси ҳам янги методология асосида қайта ҳисобланган.

Уй-жой нархлари индекси ҳар чоракда Миллий статистика қўмитасининг расмий сайтида эълон қилиб борилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+