12 179.870 so‘m

increase

8.260

14 079.930 so‘m

decrease

-37.920

148.520 so‘m

decrease

-1.280

12 179.870 so‘m

increase

8.260

6 соат аввал
Солиқ
30

Ўзбекистонда санъаткорлардан ҳар бир тўй ёки концерт учун алоҳида солиқ ундирилиши мумкин

Янги қарор лойиҳасига кўра, 2026 йилдан бошлаб санъаткорлар ҳар бир кўрсатган хизмати ҳақидаги маълумотни “Солиқ” иловасига киритиши шарт бўлади. 

Маълумотни яшириш солиқ базасини камайтириш деб баҳоланиб, шартнома қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Солиқдан қочган санъаткор ҳақида хабар берган фуқароларга эса ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот пули тўланиши мумкин.

Ўзбекистонда санъаткорлардан ҳар бир тўй ёки концерт учун алоҳида солиқ ундирилиши мумкин
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистонда санъаткорлардан ҳар бир тўй ёки концерт учун алоҳида солиқ ундирилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида келтириб ўтилган

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 сентябрдан ижрочилар ва ижодий жамоалар кўрсатадиган барча хизматлар Солиқ мобил иловасида рўйхатга олинади. Ижрочилар 2028 йил охиригача жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида тўлайди. Бироқ меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ижрочилар ушбу тартибдан мустасно бўлади.

Ижрочилар хизмат кўрсатиш жойи ва санаси ҳақидаги маълумотларни мобил иловага киритиши шарт бўлади. Зарур маълумотлар киритилиб, белгиланган тўлов амалга оширилгач, тизим автоматик равишда электрон маълумотнома шакллантиради.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчилар учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартиби қўлланилмайди. Мобил иловага маълумот киритилмаслиги ёки тўлов амалга оширилмаслиги эса лицензия талабларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади.

2029 йил 1 январдан эса ижрочиларнинг ижодий фаолиятидан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи шартнома қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, концерт-томоша хизматлари Солиқ иловасида хизмат жойи, санаси ва қиймати кўрсатилган ҳолда рўйхатга олинади ҳамда оммавий оферта шаклидаги шартномалар тизим орқали расмийлаштирилади.

Солиқ органлари даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш, ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказишни автоматик тарзда амалга оширади. Солиқ суммаси мобил иловага уланган банк карталаридан автоматик ечиб олинади. Агар картада етарли маблағ бўлмаса, тўлов учун алоҳида хабарнома юборилади.

Тегишли маълумотлар солиқ органларига тақдим этилмаса, ушбу хизмат солиқ базасини яшириш ёки камайтириб кўрсатиш сифатида баҳоланади. 

Бундай ҳолатда 2026 йил 1 сентябридан бошлаб ижрочилар ва ижодий гуруҳларга нисбатан шартнома ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан кам бўлмаган жарима қўлланилади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга эса текширув натижасида ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, ижрочилар учун айрим солиқ чегирмалари ҳам назарда тутилган. Жумладан, йиллик умумий даромаднинг 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатларсиз ҳам чегирилади. Агар тасдиқланган харажатлар ушбу миқдордан ошса, қўшимча равишда даромаднинг яна 10 фоизи чегирилиши мумкин.

Лицензия учун тўланган давлат божи ҳамда ижтимоий солиқ суммалари ҳам харажат сифатида ҳисобга олиниб, умумий даромаддан айрилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+