Ўзбекистонда пойабзалларни мажбурий маркировкалаш жорий этилиши мумкин
Ички бозорда сотиладиган айрим турдаги пойабзалларни рақамли маркировкалаш 2027 йил 1 январдан синов тариқасида, 2028 йил 1 январдан эса мажбурий тартибда жорий этилиши таклиф қилинмоқда.
Чакана сотувчиларга маркировкасиз қолдиқларни сотиш учун 2028 йил 1 октябргача муддат берилиши мумкин.

Солиқ қўмитаси Ўзбекистонда айрим турдаги пойабзалларни рақамли маркировкалаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси порталига жойлаштирди. Лойиҳа ички бозорда сотиладиган маҳаллий ва импорт пойабзалларга тааллуқли.
Талаб Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 6401–6405 кодларига кирувчи пойабзалларга татбиқ этилиши мумкин.
- 6401 — резина ёки пластмассадан тайёрланган сув ўтказмайдиган пойабзал.
- 6402 — таглиги ва устки қисми резина ёки пластмассадан тайёрланган бошқа пойабзал.
- 6403 — устки қисми табиий чармдан тайёрланган пойабзал.
- 6404 — устки қисми тўқимачилик материалларидан тайёрланган пойабзал.
- 6405 — бошқа турдаги пойабзал.
Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январгача ишлаб чиқарилган ёки Ўзбекистонга олиб кирилган маркировкасиз пойабзалларни сотишга ўтиш даврида рухсат берилади. Муддат савдо занжиридаги иштирокчига қараб фарқ қилади.
- Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун — 2028 йил 1 апрелгача.
- Улгуржи сотувчилар учун — 2028 йил 1 июлгача.
- Чакана сотувчилар учун — 2028 йил 1 октябргача.
Солиқ қўмитаси “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва тегишли идоралар билан бирга янги талаблар бўйича тушунтириш ишларини ташкил этиши кўзда тутилган.









