Ўзбекистонда омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкалари пасаймоқда
Банклардаги омонатлар бўйича фоиз ставкаларининг оммавий равишда пасайтирилиши ўз таъсирини кўрсата бошлади. Мазкур кўрсаткич 2024 йил май ойидан бери энг паст даражага тушиб кетди.

Банклардаги омонатлар бўйича фоиз ставкаларининг оммавий равишда пасайтирилиши ўз таъсирини кўрсата бошлади. Марказий банк берган маълумотларга кўра, 2024 йил апрель ойида миллий валютада (сўмда) аҳоли омонатлари учун ўртача фоиз ставкаси 0,5 фоизга пасайиб, 21,6 фоизни ташкил этди.
Жисмоний шахслар учун миллий валютадаги омонат фоиз ставкалари сўнгги олти ой давомида ўзгармасдан сақланиб келаётган эди. Бироқ апрель ойига келиб бу кўрсаткич 2024 йил май ойидан бери энг паст даражага тушиб кетди.

Мазкур ҳолатни банкларнинг апрель ойидан бошлаб омонат фоиз ставкаларини 23 фоиздан ошмайдиган даражагача туширгани билан изоҳлаш мумкин. Жамоатчилик фикрича, ушбу синхрон ўзгаришларга маъмурий топшириқ сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, миллий валютадаги юридик шахслар омонатлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 0,9 фоизга ошиб, 17,5 фоизни ташкил этди. Бу эса 2024 йил сентабр ойидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Айни пайтда банклардаги сўмда очиладиган омонатлар учун максимал фоиз ставкаси 23 фоизни ташкил қилмоқда. Аввал бу рақам 27 фоиз эди.
Хорижий валютадаги депозитлар
Апрель ойида хорижий валютадаги жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси бироз ошиб, 5,1 фоизга етди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич 2024 йил ноябрь ойига нисбатан 1,2 фоизга камроқдир.

Хорижий валютадаги юридик шахслар муддатли депозитлари бўйича эса деярли ўзгариш кузатилмади — уларнинг ўртача фоиз ставкаси 4,3 фоиз атрофида бўлди.