Ўзбекистонда муддатли тўлов бозори тартибга солинмоқда. Асосий ўзгаришлар
2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи компаниялар Марказий банк назоратига олинади. Шартнома муддати кўпи билан 12 ой, унинг қиймати эса 250 БҲМ (110 млн сўм) дан ошмаслиги белгиланмоқда.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни ҳозирча Lex.uz ъда мавжуд эмас. Қарор Lex.uz’да эълон қилингач, материал қўшимча тафсилотлар билан бойитилади.
Президентнинг 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори билан Ўзбекистонда муддатли тўлов хизматларини тартибга солишнинг алоҳида тизими жорий этилмоқда.
Банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, аҳолига муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар “муддатли тўлов хизмати оператори” сифатида эътироф этилади.
Бундай компаниялар 2027 йил 1 январдан Марказий банк шакллантирадиган махсус реэстрга киритилгандан кейингина ишлаши мумкин бўлади. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш, бошқа компаниялар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали реэстрга киритилади.
Шу тариқа, ҳозир алоҳида молиявий ташкилот мақомига эга бўлмаган муддатли тўлов компаниялари ҳам Марказий банкнинг тартибга солиш ва назорат доирасига олинади. Марказий банк май ойида Осиё тараққиёт банки ва халқаро консультантлар билан бозорнинг амалдаги бизнес моделлари, ҳуқуқий бўшлиқлар ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилган эди.
Муддатли тўлов 12 ойдан ошмайди
Қарор билан муддатли тўлов шартномаларига бир қатор чекловлар қўйилди. Жумладан, муддатли тўлов асосида сотиладиган товар, иш ёки хизматнинг қиймати 250 БҲМдан ошмаслиги керак.
1 сентябрдан амалдаги 440 минг сўмлик БҲМ бўйича бу 110 млн сўмга тенг. Бироқ шартнома тузиладиган вақтда БҲМ ўзгарса, максимал миқдор ҳам шунга мос равишда ўзгаради.
Истеъмолчининг шартнома бўйича мажбуриятлари энг кўпи билан 12 ой давом этиши мумкин. Кўчмас мулк, муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мол-мулкни ушбу хизмат орқали сотиш мумкин эмас.
Операторлар комиссия, устама ва товарнинг якуний қийматига қўшиладиган бошқа тўловларни шартномада алоҳида кўрсатиши шарт.
Асосий қарздан ташқари барча тўловлар — воситачилик ҳақи, жарима, пеня ва бошқа жавобгарлик чоралари йиғиндиси бир йилда муддатли тўлов миқдорининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, мижоз қарзни исталган вақтда тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин ёпиши мумкин. Бунинг учун ундан қўшимча комиссия, жарима ёки пеня ундириш тақиқланади.
Қарздорлик ҳақидаги маълумот кредит бюросига узатилади
Операторлар муддатли тўлов ажратишдан олдин мижозни рақамли идентификация ва верификациядан ўтказиши керак.
Тузилган барча шартномалар ва улар бўйича тўловлар ҳақидаги маълумотлар кредит бюроларига юборилади. Муддатли тўлов беришда Марказий банк белгилайдиган қарз юки кўрсаткичининг энг юқори чегарасига ҳам риоя қилинади.
Натижада муддатли тўлов бўйича қарздорлик ҳам мижознинг умумий молиявий мажбуриятларини баҳолашда ҳисобга олинади. Бу бир шахснинг бир вақтнинг ўзида бир нечта платформадан тўлов қобилиятига нисбатан ортиқча мажбурият олишини чеклаши мумкин.
Бироқ 2027 йилдан қиймати 3 БҲМгача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижроси ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиш талаби бекор қилинади. Амалдаги БҲМ бўйича бу чегара 1 млн 236 минг сўмни ташкил этади.
Йирик савдо компаниялари ҳам реэстрга киради
Муддатли тўловни ўз савдо фаолияти доирасида таклиф қилаётган айрим компаниялар ҳам янги талаблардан четда қолмайди.
Агар ташкилотнинг чораклик савдо айланмаси 500 млн сўмдан ошса ва унда бўлиб-бўлиб тўлаш хизматининг улуши камида 50 фоизни ташкил этса, компания Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиб, реэстрга кириши шарт.
Бундай ташкилотларга ҳам муддатли тўлов операторлари учун белгиланган шартнома, қарз юки, идентификация ва ахборот алмашинуви талаблари татбиқ этилади.
Айни пайтда операторларга молиявий истеъмол кредити бериш ва жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади. Улар шартномалар бўйича талаб қилиш ҳуқуқини фақат бошқа муддатли тўлов оператори, микромолия ташкилоти ёки банкка ўтказиши мумкин.









