Ўзбекистонда микроқарз ставкалари рекорд даражада пасайди — 29,3 фоиз
Банклар кесимида микроқарзлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 29,3 фоизгача тушиб, кузатувлар бошланганидан бери энг паст даражани қайд этди.

O‘zbekistonda banklar kesimidagi mikroqarzlar bo‘yicha o‘rtacha stavka rekord darajada pasaydi
Марказий банк банклар кесимида микроқарзлар ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди. Унга кўра, мазкур микроқарз бўйича фоиз ставкаси маълумотлар эълон қилина бошланганидан бери энг паст даражага тушган.
Умумий кўрсаткичларга назар ташласак, жисмоний шахсларга ажратилаётган кредитлар (микроқарзлар бундан мустасно) ўртача 22,2% ни, юридик шахслар учун эса 22,4% ни ташкил этмоқда.
Микроқарзлар
Микроқарзлар бўйича ўртача ставка 23 февраль ҳолатига кўра, 29,3 фоизгача пасайди. Бу статистика эълон қилина бошлангандан кейинги давр учун энг паст кўрсаткичдир. 2025 йил июль ойи бошидан маълумотлар эълон қилина бошланган. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич 6,1 фоизга пасайди.
Хусусан, энг паст фоиз ставкалари “Алоқабанк” (22,7%), “Инфинбанк” (24%) ва “Трастбанк” (24,9%) ҳиссасига тўғри келади.

Энг баланд фоиз ставкаси эса Tenge bank’да 42,6 фоиз билан кузатилган. Анорбанк ва AVO Bank’да ҳам нисбатан баланд ставкаларда микроқарз ажратилган — мос равишда 41,9% ва 39,9%.
Автокредитлар
16 февраль ҳолатига кўра, банклардаги автокредитларнинг ўртача йиллик фоиз ставкаси 22,9 фоизни ташкил этмоқда.

Бу йўналишда энг жозибадор таклифлар “Ипотека-банк” (17,2%) ва “Apex bank” (18,7%) томонидан тақдим этилаётган бўлса, энг юқори кўрсаткичлар “Трастбанк” (26,6%) ва “Мадад Инвест банк” (28,3%) да қайд этилган.









