Ўзбекистонда камида 10 та банк исломий банкингни йўлга қўймоқчи
Ўзбекистонда камида 10 та тижорат банки исломий молия хизматларини жорий этиш бўйича амалий тайёргарликни бошлаган.
Айрим банклар бу бўйича акциядорлар қарорини қабул қилган бўлса, бошқалари янги дастурий тизим харид қилмоқда, маҳсулотларни бизнес-режага киритган ёки халқаро исломий молия институтлари билан молиялаштириш линияларини очган.
Марказий банк ҳам 10 дан ортиқ банк исломий молия хизматларига тайёрланаётганини маълум қилган.

Pinkod очиқ корпоратив маълумотлар, банкларнинг стратегия ва тендерлари ҳамда расмий хабарларини ўрганиб, ҳозирча Агробанк, Асакабанк, Ипак Йўли Банк, Orient Finans Bank, Open bank, Hayot Bank, Микрокредитбанк, Hamkorbank, Халқ банки, InfinBANK ва APEX BANK гуруҳидаги APEX MOLIYAда ушбу йўналиш бўйича аниқ режалар ёки амалий тайёргарлик мавжудлигини аниқлади.
Уларнинг тайёргарлик даражаси бир хил эмас.
Агробанк акциядорлари 30 июндаги йиллик умумий йиғилишда банкда исломий банк хизматларини жорий этишни маъқуллаган. Асакабанк эса 25 июндаги йиғилишда алоҳида “исломий дарча” ташкил этиш ва бунинг учун банк уставига ўзгартириш киритишга қарор қилган.
Ипак Йўли Банк акциядорлари 29 июнда, Orient Finans Bank акциядорлари эса 26 июнда исломий банк фаолиятини жорий этишни тасдиқлаган. Orient Finans Bank’да ушбу фаолият Марказий банкнинг тегишли лицензияси олингандан кейин бошланиши белгиланган.
Open bank исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш билан бирга, уч йил муддатга Исломий молия кенгашини тузишга қарор қилган. Банк бошқарувига Марказий банкдан исломий банк фаолияти учун лицензия олиш чораларини кўриш топширилган.
Hayot Bank эса бошқа моделни танлаган. Банк ўзига 100 фоиз тегишли алоҳида “ZAMAN” исломий микромолия банкини ташкил этишга киришган. Янги банк амалдаги Hayot Bank таркибидаги “дарча” эмас, алоҳида юридик шахс бўлиши режалаштирилган.
APEX BANK гуруҳидаги APEX MOLIYA ҳам исломий молияга ўтмоқчи. Компания микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига айлантириш, бунинг учун устав капиталини 4 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача ошириш ва Марказий банкдан дастлабки рухсат олишга қарор қилган.
Микрокредитбанк исломий молиялаштириш хизматларини 2026–2028 йилларга мўлжалланган трансформация стратегиясидаги асосий лойиҳалардан бири сифатида белгилаган. Банк лойиҳани 2027 йил охиригача босқичма-босқич тўлиқ амалга оширишни режалаштирмоқда.
Hamkorbank июль ойида “Islamic Core Banking” дастурий мажмуасини жорий этиш учун тендер ўтказди. Техник талаблар муробаҳа, ижара, мудараба, мушорака, салам, истисно ва вакала каби маҳсулотларни қамраб олади. Яъни банк фақат алоҳида молиялаштириш линияси эмас, исломий банкинг учун махсус IT-инфратузилма яратишга тайёрланмоқда.
Халқ банкининг 2026 йилги бизнес-режасига муробаҳа, мудараба ва ижара асосидаги маҳсулотларни ишлаб чиқиш киритилган. Банк йил давомида кичик ва ўрта бизнес сегментида исломий банкинг улуши ошишини кутмоқда.
InfinBANK бу йил исломий молиялаштириш йўналишини кенгайтириб, ITFC билан 60 млн доллардан ортиқ, SEAF орқали эса яна 5 млн долларлик битимлар имзолади. Банк янги исломий молия маҳсулотларини жорий этиш устида ишлаётганини ҳам маълум қилган.
Ҳали ҳеч бир банк лицензия олмаган
Исломий банкингни жорий этиш бўйича ҳуқуқий асос ЎРҚ-1126-сонли қонун билан яратилди. Қонун 27 мартда имзоланган ва июнь охирида кучга кирган. У анъанавий банкларга алоҳида исломий “дарча” очиш, шунингдек, тўлиқ исломий банклар ташкил этиш имконини беради.
Исломий банкингни лицензиялаш механизми ҳам аллақачон ишлаб турибди. Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 23 июндаги қарори билан “Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом”га тегишли ўзгартиришлар киритилган.
Низомга кўра, амалдаги банк “исломий дарча” очиш учун алоҳида лицензия олиши, Исломий молия кенгаши ва махсус бўлинма ташкил қилиши, уч йиллик бизнес-режа ҳамда исломий операцияларни алоҳида ҳисобга олиш имконини берувчи тизимни тақдим этиши керак. Регулятор аризани зарур ҳужжатлар тўлиқ топширилганидан кейин кўпи билан икки ой ичида кўриб чиқади.
Бироқ режа ёки корпоратив қарор банкда исломий банкинг аллақачон ишга тушганини англатмайди. Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носировнинг 25 августдаги маълумотига кўра, ҳозирча ҳеч бир банк янги тартиб бўйича исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олмаган. Айни пайтда аризаларни кўриб чиқиш ва лицензиялаш жараёни бошланган.
Регулятор дастлаб тўлақонли исломий банклардан кўра амалдаги тижорат банкларидаги исломий дарчалар ишга тушишини кутмоқда. Носиров хизматлар 2026 йил охиригача таклиф қилина бошлаши мумкинлигини билдирган.
Янги тизимда банклар муробаҳа, ижара ва мушорака каби молиялаштириш воситалари билан бирга, мудараба ва вакала асосидаги инвестициявий омонатларни ҳам таклиф қилиши мумкин бўлади.
Ҳозир банклар хорижий исломий молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан айрим муробаҳа операцияларини амалга ошираётган бўлса-да, аҳолидан исломий тамойиллар асосида омонат жалб қилиш лицензия олингандан кейингина мумкин бўлади.
Марказий банк маълумотларига кўра, 10 дан ортиқ банк исломий молия хизматларини жорий этишга тайёрланмоқда. 2030 йилгача эса янги йўналиш ҳисобидан қарийб 1 млрд доллар қўшимча инвестиция ва депозитлар жалб қилиниши кутилмоқда.









