11 970.680 so‘m

increase

36.040

13 902.750 so‘m

increase

6.060

163.180 so‘m

decrease

-0.960

11 970.680 so‘m

increase

36.040

3 соат аввал
Банк
30

Ўзбекистонда исломий молиялаштириш хизматлари ҳажми 8 баробарга ошди

2026 йилнинг I чорагида микромолия ташкилотлари томонидан 11,2 млрд сўмлик исломий молиялаштириш хизматлари кўрсатилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 млрд сўмга ёки 8 баробарга кўп.

Ўзбекистонда исломий молиялаштириш хизматлари ҳажми 8 баробарга ошди
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк 2026 йил I чораги якунлари бўйича микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматлари шарҳини эълон қилди. Унга кўра, январь–март ойларида ушбу йўналишдаги хизматлар ҳажми сезиларли ошган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, микромолия ташкилотларига исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилган. Хусусан, “Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом асосида улар беш турдаги маҳсулот — исломий ижара, муробаҳа, салам, музораба ва мушорака бўйича молиялаштиришни амалга ошириши мумкин.

2026 йилнинг январь–март ойларида жами 4 та микромолия ташкилоти исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатган. Хизматларнинг асосий қисми муробаҳа маҳсулоти ҳиссасига тўғри келган. Ушбу йўналишда 7,7 млрд сўмлик шартномалар тузилган бўлиб, бу жами ҳажмнинг 69 фоизини ташкил этади.

Музораба хизматлари ҳажми 2,1 млрд сўмга етиб, умумий кўрсаткичдаги улуши 19 фоизни ташкил қилган. Исломий ижара бўйича эса 1,4 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган. Бу жами ҳажмнинг 12 фоизига тенг.

Ташкилотлар кесимида энг катта ҳажм “Apex Moliya” микромолия ташкилоти ҳиссасига тўғри келган. Мазкур ташкилот 7 млрд сўмлик муробаҳа ҳамда 1,4 млрд сўмлик исломий ижара хизматларини кўрсатган.

Шунингдек, “Ayol” ММТ томонидан 2,2 млрд сўмлик музораба, “Enterprise Finance” ММТ томонидан 670 млн сўмлик, “Biznesni rivojlantirish” ташкилоти томонидан эса 9 млн сўмлик муробаҳа шартномалари амалга оширилган.

Мижозлар кесимида хизматларнинг энг катта қисми юридик шахсларга тўғри келган. Улар бўйича 5,2 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган бўлиб, бу жами ҳажмнинг 46 фоизини ташкил этади.

Жисмоний шахсларга 2,9 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган. Уларнинг улуши 26 фоиз бўлган. Якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича эса хизматлар ҳажми 3,1 млрд сўмни ташкил этган. Бу жами кўрсаткичнинг 28 фоизига тенг.

Ҳудудлар кесимида исломий молиялаштириш хизматлари деярли тўлиқ Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда фаолият юритаётган 3 та микромолия ташкилоти томонидан 10,6 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган. Бу умумий ҳажмнинг 94 фоизини ташкил қилади.

Наманган вилоятидаги 1 та микромолия ташкилоти эса 670 млн сўмлик хизмат кўрсатган. Ҳудуднинг умумий ҳажмдаги улуши 6 фоиз бўлган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил I чорагида исломий молиялаштириш хизматлари ҳажмидаги ўсиш, асосан, муробаҳа ва исломий ижара маҳсулотлари кенгайиши ҳисобига юз берган. Хусусан, муробаҳа бўйича ҳажм 20 баробар, исломий ижара бўйича эса 300 баробар ошган. Музораба хизмати эса 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб йўлга қўйилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+