11 902.300 so‘m

increase

20.700

13 780.480 so‘m

increase

31.090

152.180 so‘m

increase

1.130

11 902.300 so‘m

increase

20.700

1 кун аввал
Иқтисодиёт
39

Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсиялар 2030 йилгача инфляциядан юқори оширилади

Ўзбекистон 2030 йилгача иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни инфляциядан юқори суръатларда ошириб боришни режалаштирмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу жараён Пенсия жамғармаси харажатларини кескин оширса-да, бюджетдан ажратиладиган трансферлар босқичма-босқич қисқариши кутилмоқда.

Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсиялар 2030 йилгача инфляциядан юқори оширилади
Фото: AI / Pinkod.uz

Ўзбекистонда 2030 йилгача иш ҳақи, пенсия ва нафақалар инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириб борилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026-йилги бюджетномасида келтириб ўтилган.

2030 йилгача мўлжалланган макроиқтисодий ва фискал сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири аҳолининг реал даромадларини оширишдир. Шу боис бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалари ҳар йили инфляциядан юқори миқдорда кўтарилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш орқали Пенсия жамғармасига республика бюджетидан ажратиладиган трансферлар ҳажми босқичма-босқич қисқартирилиши кўзда тутилган.

2026 йил бошига Пенсия жамғармасида 3,9 триллион сўмлик қолдиқ шаклланиши, даромадлар 64,7 триллион сўмни, харажатлар эса 86,1 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Тақчилликни тўлдириш учун бюджетдан 23 триллион сўмлик трансфер ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 13,8 фоиз кўп.

Кейинги йилларда ушбу трансферлар камайиб бориши кутилмоқда. Хусусан, 2027 йилда 20 триллион сўм, 2028 йилда 18 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. 2027 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 75 триллион, харажатлари 95,1 триллион сўмни ташкил этади. 2028 йилда эса даромад 87,8 триллион сўмга етиб, харажатлар 104,8 триллион сўмдан ошиши прогноз қилинган.

Я­қин уч йил ичида пенсия олувчилар сони 489 минг нафарга кўпайиб, 4,76 миллионга етади. Ҳар йили пенсия ёшига етадиганлар сони ҳам 5,1 фоизга ўсиб боради. Бу 2025 йилдаги 305 минг нафардан 2028 йилда 321 минг нафаргача кўпайишни англатади.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, бюджет ходимлари иш ҳақининг ҳар бир 1 фоиз пунктга оширилиши давлат бюджетига 1,67 триллион сўмга тушади. Пенсияларни шу даражада оширишнинг қиймати 861 миллиард сўмдир. Ижтимоий нафақа олувчилар сонининг 10 фоизга кўпайиши бюджет харажатларини 1,6 триллион сўмга оширади.

Пенсия ислоҳоти

Ўзбекистонда эркаклар пенсия ёшини 63 йилга, аёллар учун эса 58 йилга ошириш таклиф қилинмоқда. Ислоҳот босқичма-босқич амалга оширилади, якуний қарор эса ҳали қабул қилинмаган, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Лойиҳага кўра, эркаклар пенсия ёши 60 дан 63 йилгача, аёлларники 55 дан 58 йилгача кўтарилади. Бу жараён йилига 6 ойдан қўшиш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атажанов юмшоқроқ вариантни таклиф қилган: пенсия ёшини ҳар 6 ой эмас, балки ҳар 3 ойда ошириш. Бундай механизмда пенсия ёши ҳар тўрт йилда бир йилга кўтарилиб боради ва бутун ислоҳот 12 йил давом этади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+