Ўзбекистонда илк бор криптовалюта майнинги учун расмий рухсатнома берилди
ИЛМА директорининг 19 январдаги буйруғи билан NexaGrid хусусий компанияси мамлакатда криптовалюта майнинги билан шуғулланиш учун биринчи қонуний рухсатномани олди. Майнинг фаолияти Бухоро вилояти Ромитан туманида йўлга қўйилади.

Ўзбекистонда илк бор криптовалюта майнинги фаолиятига қонуний рухсат берилди. Бу ҳақда майнингни амалга ошириш учун берилган рухсатномаларнинг электрон реестри маълумотларида қайд этилган.
ИЛМА директорининг 19 январдаги буйруғи билан NexaGrid хусусий компаниясига мамлакат ҳудудида криптовалюта майнинги билан шуғулланиш учун биринчи рухсатнома тақдим этилди.
Компаниянинг юридик манзили сифатида Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, “Олмачи” МФЙ, Паркент кўчаси, 199А-уй кўрсатилган. Майнинг фаолияти эса Бухоро вилояти, Ромитан тумани, “Қўрғон” МФЙ, Варахша массивида амалга оширилади.
Давлат реестри маълумотларига кўра, NexaGrid 2025 йил 16 апрель куни рўйхатдан ўтган. Компаниянинг устав фонди 600 миллион сўмни ташкил этади. Фаолият йўналиши сифатида “компьютер ускуналарини бошқариш” кўрсатилган.
Компания улушлари қуйидагича тақсимланган:
- 63 % — Султонов Тоймурод Таваккалович
- 37 % — Розимуродов Маҳмуджон Ғафурович
Тоймурод Султонов ўзининг LinkedIn саҳифасида NexaGrid майнинг фаолияти учун рухсат “қонуний, шаффоф ва қонун доирасида” олинганини таъкидлаган.
Унинг профессионал фаолиятига оид маълумотларга кўра, Султонов 2017–2020 йилларда Иқтисодиёт ва молия вазирлигида, 2023–2024 йилларда эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида фаолият юритган.









