11 785.300 so‘m

decrease

-9.700

13 695.700 so‘m

decrease

-3.010

136.130 so‘m

increase

0.330

11 785.300 so‘m

decrease

-9.700

Якин 2 соат ичида
Бозор
26

Ўзбекистонда HUMO стейблкоини билан тўлов қилиш синовдан ўтказилади

Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги HUMO стейблкоинидан товар ва хизматлар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказади. Бир HUMO қиймати 1 сўмга тенг бўлиб, токенлар давлат қимматли қоғозлари билан таъминланади. Пилот лойиҳа дастлаб 12 ой давом этади.

Ўзбекистонда HUMO стейблкоини билан тўлов қилиш синовдан ўтказилади

“HUMO Digital” МЧЖ 2 сентябрь куни барқарор токенлар бўйича махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Компания лойиҳа доирасида HUMO токенини чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш — яъни муомаладан чиқариш механизмларини синовдан ўтказади.

Марказий банк маълумотига кўра, бир дона HUMO токенининг қиймати 1 сўмга тенг бўлади. Ундан Ўзбекистон ҳудудида товарлар, бажарилган ишлар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш ҳамда тўловларни қабул қилишда фойдаланиш имконияти текширилади.

Токенларнинг чиқарилиши Ўзбекистон давлат қимматли қоғозлари билан таъминланади. 

Амалдаги тартибга кўра, муомаладаги барқарор токенларнинг умумий номинал қиймати алоҳида ҳисобварақдаги маблағлар ва Марказий банк фойдасига блокланган давлат қимматли қоғозлари қийматидан ошмаслиги керак. 

Яъни ҳар бир чиқарилган токен учун камида унга тенг қийматдаги таъминот бўлиши лозим.

Бунда кредит маблағлари, гаровга олинган активлар ёки бошқа шахслардан жалб қилинган пуллардан таъминот сифатида фойдаланиш тақиқланган. Давлат қимматли қоғозлари бўйича олинадиган даромад эса эмитентда қолади. Мазкур талаблар 2026 йил июлида қонунчиликка киритилган.

HUMO Марказий банк томонидан чиқариладиган рақамли сўм эмас. Токеннинг эмитенти “HUMO Digital” МЧЖ бўлиб, Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги лойиҳани тартибга солади ҳамда мониторинг қилади.

Лойиҳада “Asterium” АЖ ҳамкор сифатида қатнашади. Компания крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолияти учун лицензияларга эга. Шунингдек, банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмаларини HUMO орқали ҳисоб-китоб қилиш учун ўзаро интеграция қилиш режалаштирилган.

Пилот давомида таъминотнинг етарлилиги, операциялар шаффофлиги, молиявий ва операцион хатарлар, киберхавфсизлик ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси баҳоланади. Бундан ташқари, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши талабларнинг бажарилиши назорат қилинади.

Марказий банк лойиҳа пул-кредит сиёсатига мос келиши ҳамда молиявий ва нархлар барқарорлигига хавф туғдирмаслигини кузатиб боради. Синовнинг дастлабки муддати 12 ой бўлиб, зарур ҳолларда узайтирилиши мумкин. Бироқ лойиҳанинг умумий давомийлиги уч йилдан ошмаслиги керак.

Ҳозирча токенларнинг қанча миқдорда чиқарилиши, уларни кимлар сотиб олиши, қайси савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида қабул қилиниши ҳамда амалдаги HUMO карталари билан қандай боғланиши очиқланмаган. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+