Ўзбекистонда доллар курси кетма-кет бешинчи сессияда пасайиб, 12 200 сўмдан пастга тушди
АҚШ доллари қиймати 29,68 сўмга арзонлаб, 12 191,30 сўмни ташкил этди. Бу доллар курсининг кетма-кет бешинчи савдо сессиясидаги пасайишидир. Сўнгги беш сессия давомида доллар жами 129 сўмга қадрсизланди.

Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг пасайиши давом этмоқда. Марказий банк 17 февралдан бошлаб амал қиладиган хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан расмий курсларини эълон қилди.
Унга кўра, АҚШ доллари қиймати 29,68 сўмга арзонлаб, 12 191,30 сўмни ташкил этди. Бу доллар курсининг кетма-кет бешинчи савдо сессиясидаги пасайишидир. Сўнгги беш сессия давомида доллар жами 129 сўмга қадрсизланди.
Аввалроқ, 27 январдан 10 февралгача бўлган даврда доллар курси кетма-кет 11 савдо сессияси давомида ўсиш қайд этган эди.
Доллар курси бўйича қандай прогнозлар бор?
Валюта курсини аниқ башорат қилиш деярли имконсиз. Масалан, S&P Global аввалроқ доллар курси 13 566 сўмгача кўтарилишини прогноз қилган эди, бироқ амалда курс йил охирига келиб 12 минг сўм атрофида шаклланди.
Шунга қарамай, айрим институтлар ўз прогнозларини эълон қилган. Жумладан, 2026 йилги давлат бюджетида доллар курси ўртача 12 350 сўм даражасида бўлиши кутилмоқда.
S&P Global’нинг янгиланган прогнозига кўра, 2026 йил якунига келиб доллар курси 12 592 сўмни ташкил этиши мумкин.
Евроосиё тараққиёт банки ҳам курс бўйича баҳоларини тақдим этган:
2026 йил охири — 12 800 сўм
2027 йил охири — 14 100 сўм
2028 йил охири — 15 100 сўм









