Ўзбекистонда бизнес кайфияти IV чоракда қандай ўзгарди?
26 фоиз тадбиркорлар газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган.

Марказий банк томонидан 2024 йилнинг IV чорагида мамлакатдаги иқтисодий фаоллик, тадбиркорлик муҳити ва бандлик бўйича сўровнома ўтказилди.
Сўровномада қатнашган тадбиркорларнинг 53 фоизи ўз ҳудудларида бизнес муҳити яхшиланганини қайд этишган. Бу кўрсаткич III чоракда 57 фоизни ташкил этган эди. Банк хизматлари сифати яхшиланиши ва кредит олиш имкониятларининг кенгайиши тадбиркорлик фаолиятига ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, лицензия ва рухсатномалар олиш жараёнлари соддалаштирилгани, рақобат муҳитининг бироз яхшилангани ҳам эътироф этилган.
Иқтисодий фаолликда саноат ва савдода ўсиш тенденциялари кузатилган бўлса-да, айрим қийинчиликлар ҳам мавжуд. Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси IV чоракда 50 фоизгача тушди. Бундан ташқари, тадбиркорларнинг 26 фоизи газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган. Шунга қарамай, ёқилғи ва электр энергияси истеъмоли ҳажми ошгани иқтисодий фаолликнинг ўсишини кўрсатмоқда. Бироқ, юк ташиш ҳажми ва ишлаб чиқариш буюртмалари пасайган.
Бандлик даражаси эса IV чоракда олдинги даврларга нисбатан барқарор бўлиб қолган. Айниқса, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишчи кучига бўлган талаб ошгани қайд этилган.
Молиявий ҳолат бўйича сўнгги 1,5 йил давомида тадбиркорларнинг қарз юки сезиларли даражада ўзгаришсиз қолган. Бироқ, кредитга бўлган талаб айниқса Наманган, Самарқанд ва Андижон вилоятларида юқори даражада сақланиб қолган. Кредит ва қарз тўловлари ҳажми эса Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ортган.
Келгуси прогнозларга кўра, ёқилғи ва электр энергияси истеъмоли ҳажмининг ошиши кутилмоқда. Шунингдек, қурилиш, ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш ўринлари бироз ортиши мумкин. Бироқ, ишлаб чиқариш ва буюртмалар ҳажми эса бироз пасайиши эҳтимоли бор. Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида иқтисодий фаоллик ва инвестициялар ҳажмининг ортиши кутилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистонда бизнес муҳити ва иқтисодий фаоллик 2024 йил IV чорагида нисбатан барқарор бўлди дейиш мумкин.