12 190.430 so‘m

increase

49.050

14 362.760 so‘m

increase

49.290

162.090 so‘m

increase

1.830

12 190.430 so‘m

increase

49.050

8 соат аввал
Бозор
59

Ўзбекистонда барқарор токенлар (стейблкоин) учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди

ИЛМА ва Марказий банк барқарор токенлар бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартибини тасдиқлади. Низомга кўра, синов тариқасида чиқариладиган стейблкоинлар фақат сўм ёки хорижий валюта билан тўлиқ таъминланиб, маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобда сақланади. Махсус режим дастлаб 12 ойга берилиб, заруратга кўра 3 йилгача узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистонда барқарор токенлар (стейблкоин) учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистонда стейблкоинлар (барқарор токенлар) муомаласи синов тариқасида жорий этилади. 

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банк барқарор токенлар айланмасини тартибга солишга қаратилган махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартибини тасдиқлади.

Мазкур низом барқарор токенлар айланмаси учун махсус режимни тақдим этиш, иштирокчиларни рўйхатга олиш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, мақомдан маҳрум этиш ҳамда реестр юритиш тартибини белгилаб беради.

Ҳужжатга кўра, махсус режимнинг асосий мақсади тақсимланган реестр технологияси (блоcкчаин) асосида тўлов тизимларини яратиш, барқарор токенларни чиқариш ва улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш учун қулай муҳит шакллантиришдан иборат. 

Шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш, бозорда рақобатни кучайтириш, инновацион тўлов ечимларини жорий этиш ҳамда истеъмолчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам устувор йўналишлар сифатида белгиланмоқда. Тажриба-синов лойиҳалари натижалари эса келгусида қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Махсус режим доирасида миллий ёки хорижий валюта билан таъминланган стейблкоинларни чиқариш, шунингдек уларни халқаро ҳисоб-китобларда қўллаш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ва blockchain асосидаги тўлов тизимларини яратиш ҳам назарда тутилган.

Бироқ, алгоритмик, анонимлик хусусиятига эга ёки крипто-активлар билан таъминланган стейблкоинларни чиқариш тақиқланади. 

Барқарор токенлар фақат сўм ёки хорижий валютадаги реал пул маблағлари билан тўлиқ таъминланган бўлиши ва бу маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захира сифатида сақланиши шарт.

Низом ахборот ва киберхавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Махсус режим иштирокчилари ахборот хавфсизлиги тизимини жорий этиши, масъул шахс тайинлаши, ички тартибларни ишлаб чиқиши ва эмитент экотизимининг барқарор ишлашини таъминлаши лозим.

Иштирокчилар ваколатли орган — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан рўйхатга олинади. Молиявий барқарорлик, киберхавфсизлик ва эмиссия ҳажми билан боғлиқ масалалар эса Марказий банк билан мажбурий келишилади.

Тажриба-синов лойиҳалари дастлаб 12 ойга мўлжалланган бўлиб, заруратга кўра узайтирилиши мумкин, бироқ умумий муддат 3 йилдан ошмайди. Махсус режим иштирокчилари ҳақидаги маълумотлар очиқ реестрга киритилиб, агентликнинг расмий сайтида эълон қилинади.

Аввалроқ Марказий банк раиси Тимур Ишметов регулятор ўзининг рақамли валютаси — рақамли сўм ва тижорат банклари томонидан чиқарилиши мумкин бўлган стейблкоинларни муомалага киритиш масаласини ўрганаётгани хабар қилинган эди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+