Ўзбекистонда аҳолининг хорижий валюта таклифи талабдан $8,7 млрдга устун бўлди
Январь–ноябрь ойларида жисмоний шахслар банкларга $19,4 млрдлик хорижий валюта сотди, харид ҳажми эса $10,6 млрдни ташкил этди. Валюта тушумининг асосий қисми халқаро пул ўтказмалари ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг умумий ҳажми $17,3 млрдга етди.

Аҳолининг банклар орқали амалга оширган валюта операцияларида хорижий валюта тушуми хариддан сезиларли даражада юқори бўлиб, бу ички валюта бозорида қўшимча таклифни шакллантирмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори бўйича шарҳида маълум қилинди.
Жорий йилнинг январь–ноябрь ойларида жисмоний шахслар томонидан банкларга $19,4 млрд миқдорида хорижий валюта сотилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ($14,6 млрд) 1,3 баробарга ошди.
Айни даврда аҳоли томонидан $10,6 млрд хорижий валюта харид қилинган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан ($8,5 млрд) 25% га юқори.
Натижада жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи талабдан $8,7 млрдга ортиқ бўлди. Ушбу фарқ 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўпдир.
Мазкур даврда аҳолининг банкларга валюта сотишидаги асосий манба халқаро пул ўтказмалари бўлди. Январь–ноябрь ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми $17,3 млрдни ташкил этиб, йилига нисбатан 25% ёки $3,5 млрдга ошди.
Шу билан бирга, ноябрь ойида пул ўтказмалари ҳажми кескин камайиб, $1,48 млрдни ташкил этди. Энг юқори ойлик кўрсаткич июль ойида қайд этилиб, $1,97 млрдга етган. Кейинги ойларда пасайиш кузатилиб, октябрь ойида трансфертлар ҳажми $1,86 млрдни ташкил этди.
2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида миллий валюта алмашув курси 7,5% га мустаҳкамланди. Марказий банк бу жараённи бир қатор омиллар билан изоҳлади. Жумладан:
- экспорт тушумларининг ошиши;
- хорижий кредитларнинг фаол жалб қилиниши;
- импорт тўловлари ҳажмининг нисбатан барқарорлашуви;
- халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ўсиши;
- инвестициялар, хусусан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кўпайиши.









