11 985.100 so‘m

increase

12.750

13 923.090 so‘m

increase

71.080

148.860 so‘m

increase

1.340

11 985.100 so‘m

increase

12.750

6 соат аввал
Иқтисодиёт
72

Ўзбекистон ва Қозоғистон: Марказий Осиёдаги энг барқарор ва жадал ривожланаётган ҳамкорлик модели

Икки давлат ўртасидаги 2018 йилдаги 3 млрд долларлик ўзаро савдо ҳажми 2024 йилда 4,3 млрд долларга етди, 2025 йилнинг 9 ойида эса яна 15,5 фоизга ошди. Хўш, минтақадаги қўшнилар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда қандай ўзгарди?

Ўзбекистон ва Қозоғистон: Марказий Осиёдаги энг барқарор ва жадал ривожланаётган ҳамкорлик модели
Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада икки томонлама савдонинг энг барқарор ва динамик йўналишларидан бирини шакллантирди. 

Агар 2018 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ташқи иқтисодий беқарорликларга қарамай, бу кўрсаткич 4,3 миллиард долларга етди. Бу Марказий Осиё минтақасидаги ўртача суръатлардан юқори бўлиб, йиллик ўсиш 6–8 фоизни ташкил этмоқда.

Айниқса, 2024 йилда Қозоғистондан импорт деярли 8 фоизга қисқарганига қарамай, Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 2,5 фоизга ошгани савдо таркиби босқичма-босқич мувозанатлашиб бораётганини кўрсатади. 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида эса товар айирбошлаш 3,5 миллиард долларга етди ва 15,5 фоизлик ўсиш қайд этилди — бу сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорт таркиби диверсификация қилинмоқда: озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари билан бир қаторда машинасозлик, транспорт воситалари ва хизматлар улуши ортиб бормоқда. Импортда эса ғалла, минерал ёқилғи, қора металлар ва кимё маҳсулотлари асосий ўринни сақлаб турибди.

Инвестицион ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги инвестициявий алоқалар жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1 157 та корхона, жумладан, 281 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу кўрсаткичлар Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги энг йирик инвестиция шерикларидан бири эканини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, Қозоғистонда Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида 4 934 та корхона рўйхатдан ўтган. Бу ўзбек бизнесининг қозоқ бозорига чуқур кириб боргани ва бу бозорнинг жозибадорлигидан далолат беради.

Икки давлат ўртасидаги 288 та амалдагги ҳужжат, жумладан 96 та ҳукуматлараро битим инвесторлар учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар, соддалаштирилган амалий механизмлар ва барқарор бизнес муҳитини таъминлаб бермоқда. 

Ҳукуматлараро комиссияга икки мамлакат ҳукумат раҳбарларининг ҳамраислиги ҳамкорликнинг юқори институционал даражада эканини кўрсатади. 2025 йил октябрда Хивада бўлиб ўтган Комиссиянинг 22-йиғилишида логистика инфратузилмасини янгилаш, янги кооперация лойиҳаларини йўлга қўйиш ва саноат ҳамкорлигини кучайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Қозоғистоннинг умумий иқтисодий динамикаси ва Ўзбекистондаги кенг кўламдаги ислоҳотлар фонида инвестициявий алоқалар ўрта муддатли истиқболда яна икки баравар кўпайиши кутилмоқда.

Қозоғистоннинг ташқи савдосида Ўзбекистоннинг ўрни

2024 йилда Қозоғистоннинг умумий ташқи савдо ҳажми 141,4 миллиард долларга етди. Экспортда Италия, Хитой, Россия, Нидерландия, Корея Республикаси, Туркия ва Ўзбекистон етакчи шериклар қаторида. Импортда эса Россия, Хитой, Германия, АҚШ, Корея ва Туркия асосий ҳамкорлар ҳисобланади.

Ушбу рўйхатда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида: икки давлат нафақат савдо, балки транспорт, энергетика ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари орқали чуқур боғланган. 2024 йилда товар айланмаси 4,3 миллиард долларга етгани, 2025 йилнинг 9 ойида эса 3,5 миллиард долларгача ўсгани Ўзбекистон йўналишининг барқарор ривожланаётганини кўрсатади.

Қозоғистоннинг 13 200 кмга тенг қуруқлик чегараларининг катта қисми айнан Ўзбекистон билан боғлангани ҳам ўзаро савдо ва логистикадаги стратегик аҳамиятни янада оширади.

Транспорт ва логистика: минтақанинг асосий кўприги

2025 йилда “Centrum Air”нинг Қозоғистонга янги йўналишлари, шунингдек, “FlyArystan”нинг Тошкентга парвозлари йўлга қўйилди. Темир йўл соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда: 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Қозоғистон темир йўл юк ташиш ҳажми 17 фоизга, қувур транспорти ҳажми эса 13,8 фоизга ошди.

Ўзбекистон учун бу рақамлар стратегик аҳамиятга эга: айнан ушбу инфратузилма Каспий денгизига, у орқали Туркия ва Европага чиқиш имконини яратади. Шу жиҳатдан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг асосий устуни ҳисобланади.

Туризм: ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланиши

Қозоғистонлик сайёҳлар Ўзбекистонга келаётган меҳмонларнинг энг катта қисмини ташкил қилади.Йиллик натижалар қуйидагича:

  • 2022 йил — 1,5 млн
  • 2023 йил — 1,31 млн
  • 2024 йил — 2,8 млн
  • 2025 йилнинг 9 ойи — 2 млн

Бу ўсиш виза тартибларининг соддалаштирилиши, транспорт қатновларининг кенгайиши ва маданий тадбирлар сони кўпайгани билан изоҳланади. Туризм нафақат иқтисодий самара беради, балки инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаб, ўзаро тушуниш ва ишончни кучайтиради.

Кичик ва ўрта бизнес: интеграциянинг янги драйвери

Қозоғистонда кичик ва ўрта бизнесни ЯИМдаги улушини 40 фоизга етказиш бўйича олиб борилаётган сиёсат икки давлат ўртасидаги иқтисодий интеграция учун янги имкониятлар яратмоқда.

Бугунги кунда:

  • Ўзбекистонда 1 157 та Қозоғистон бизнес субъекти фаолият юритмоқда.
  • Қозоғистонда 4 934 та Ўзбекистон иштирокидаги корхона рўйхатдан ўтган.

Бу рақамлар иқтисодий ҳамкорликнинг институционал ва амалиётда мустаҳкам фундаментга эга эканини тасдиқлайди.

Энг истиқболли йўналишлар қуйидагилардир:

  • транспорт-логистика,
  • машинасозлик ва техник сервис,
  • агросаноат ва қайта ишлаш,
  • тўқимачилик ва тайёр маҳсулотлар экспорти,
  • рақамли хизматлар ва IT-ёжимлар.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+