12 132.480 so‘m

decrease

-5.380

14 360.000 so‘m

decrease

-19.720

159.090 so‘m

increase

0.960

12 132.480 so‘m

decrease

-5.380

13 соат аввал
Иқтисодиёт
46

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида йирик инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича келишув имзоланди

18 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ савдо вазири Ховард Латник, Эксимбанк ва DFC раҳбарлари билан учрашди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида йирик инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича келишув имзоланди
Фото: AI/Pinkod.uz

18 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб, қатор юқори мартабали расмийлар ва йирик молиявий институтлар ҳамда бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф доирасида давлат раҳбари АҚШ савдо вазири Ховард Латник билан музокара олиб борди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва устувор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон бозорида 340 га яқин Америка компанияси фаолият юритмоқда.

Томонлар 35 миллиард долларлик иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳалар ижросини тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, энергетика, муҳим (критик) минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, транспорт-логистика инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида йирик инвестиция лойиҳалари илгари сурилмоқда.

2025 йил охирида ташкил этилган Америка–Ўзбекистон Бизнес кенгаши фаолиятидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу платформа орқали икки давлат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестиция оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, Президент Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) раҳбари Жон Ёванович ҳамда АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашди. Музокараларда инвестиция лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, саноат ва инфратузилма объектларини барпо этиш, юқори технологик ускуналар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Эксимбанк линияси орқали йирик саноат корхоналари ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда. DFC эса миллий ва минтақавий миқёсдаги инвестиция ташаббусларида иштирок этиш, молия бозори ҳамда энергетика соҳасини ривожлантиришда кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Президент ҳузурида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида инвестицион платформа ташкил этиш бўйича имзоланган битим билан алмашув маросими бўлиб ўтди. Ушбу платформа устувор инвестиция лойиҳаларини аниқлаш ва уларни молиялаштириш механизмларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Ташриф якунида давлат раҳбари АҚШ савдо вакили Жеймисон Гриэр билан ҳам учрашди. Музокараларда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида амалий ҳамкорликни кучайтириш ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича Рамкавий битим (TIFA) доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди. Президент Гриэрни Тошкент халқаро инвестиция форуми — TIIF-2026да иштирок этишга таклиф этди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+