Ўзбекистон компанияси Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилди
Ушбу пакет Россиянинг Украинага қарши босқинида ҳарбий саноатни қўллаб-қувватлаган ташкилотларга нисбатан жорий этилган.

2025 йил 20 май куни Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан санкцияларнинг 17 пакетини расман эълон қилди.
Янги пакет доирасида 75 та ташкилот ва компанияга нисбатан чекловлар жорий этилди. Ушбу компаниялар ва ташкилотларнинг мол-мулклари музлатилади, уларнинг молиявий фаолиятига қатъий тақиқ ўрнатилади. Шу тариқа, санкциялар рўйхатига киритилган жисмоний ва юридик шахслар сони 2 400 дан ошди.
Мазкур санкциялар нафақат Россия компанияларига, балки учинчи давлатларда фаолият юритаяпган 13 та ташкилотга ҳам тааллуқлидир. Улар орасида Туркияда ташкил этилган 6 та, Вьетнамда – 3 та, Бирлашган Араб Амирликларида – 2 та, Сербияда – 1 та ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган 1 та компания мавжуд.

Ўзбекистондан санкциялар рўйхатига "TRADE ENGINE SYSTEM" МЧЖ киритилган. Очиқ манбаларга кўра, ушбу компания 2022-йил 27-июл куни (уруш бошланганидан бир неча ой ўтиб) давлат рўйхатидан ўтган. Юридик манзили Тошкент шахари, Яккасарой тумани, Дамарик МФЙ, Нукус кўчаси, 37-уйда жойлашган.
Компаниянинг 100 фоиз таъсисчиси ва раҳбари — Акбаров Насиржон Ҳамитжанович. Бир неча очиқ рус манбаларида келтирилишича, Акбаров илгари Россия ҳудудида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлган, бироқ ҳозирда бу фаолият расмий равишда тугатилган.
"TRADE ENGINE SYSTEM" МЧЖ расмий веб-сайтида берилган маълумотларга кўра, компания МДҲ давлатлари ҳудудида турли русумдаги электромобиллар учун тезкор зарядлаш станцияларини етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича етакчи ташкилотлардан бири сифатида танилган.