Ўзбекистон иқтисодиёти 2029 йилда $255 млрддан ошиши мумкин — Фискал стратегия
Ўзбекистон иқтисодиёти 2027–2029 йилларда ўртача 7 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Pinkod ҳисоб-китобига кўра, белгиланган прогнозлар амалга ошса, мамлакат ЯИМининг доллардаги ҳажми 2029 йилда тахминан $255,5 млрдга етиши мумкин.

2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти келгуси уч йилда ўртача 7 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Pinkod ҳисоб-китоби бўйича, аҳоли сонининг ҳозирги ўсиш суръати сақланса, мамлакат иқтисодиётининг доллардаги номинал ҳажми 2029 йилда тахминан $255,5 млрдга етиши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил якунида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 8,1 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Бу Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда белгиланган 6,6 фоизлик дастлабки прогноздан 1,5 фоиз бандга юқори.
Янгиланган прогнозга кўра, 2026 йилда ЯИМнинг номинал ҳажми 2 183 трлн сўмга етади. Аввалги бюджет параметрларида бу кўрсаткич 1 976 трлн сўм бўлиши кутилган эди. Шундай қилиб, 2026 йил учун номинал ЯИМ прогнози 207 трлн сўмга оширилган.
Кейинги йилларда иқтисодий ўсиш бироз секинлашса-да, юқори даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда:
- 2027 йилда — 6,9 фоиз;
- 2028 йилда — 7,1 фоиз;
- 2029 йилда — 7,4 фоиз.
Ушбу прогнозлар амалга ошса, Ўзбекистон иқтисодиёти реал ҳисобда 2026 йилга нисбатан 2029 йил якунига келиб қарийб 23 фоизга кенгаяди.
ЯИМнинг номинал ҳажми эса 2025 йилдаги 1 850 трлн сўмдан 2026 йилда 2 183 трлн сўмга етиши кутилмоқда. Кейинчалик бу кўрсаткич:
- 2027 йилда — 2 474 трлн сўм;
- 2028 йилда — 2 830 трлн сўм;
- 2029 йилда — 3 232 трлн сўмни ташкил этади.
Натижада номинал ЯИМ 2026–2029 йилларда 1 049 трлн сўмга ёки 48 фоизга кўпаяди. 2025 йил билан солиштирганда эса ўсиш 1 382 трлн сўмни ташкил этади.
Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳам сезиларли ошиши кутилмоқда:
- 2026 йилда — $4 629;
- 2027 йилда — $5 106;
- 2028 йилда — $5 598;
- 2029 йилда — $6 203.
Шу тариқа, аҳоли жон бошига ЯИМ 2027 йилда $477 га, 2028 йилда $492 га ва 2029 йилда яна $605 га ошади. Умуман, 2026–2029 йилларда кўрсаткич $1 574 га ёки 34 фоизга кўпаяди. 2025 йилдаги $3 881 билан солиштирганда эса ўсиш $2 322 ёки қарийб 60 фоизни ташкил этади.
Фискал стратегияда мамлакат ЯИМининг доллардаги умумий ҳажми алоҳида кўрсатилмаган. Бироқ 2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, 15 январь ҳолатида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 047 321 нафарни ташкил этган.
Агар аҳоли сони йилига 1,8 фоиз атрофида ўсишда давом этиши ва Фискал стратегиядаги аҳоли жон бошига ЯИМ прогнозлари амалга ошишини ҳисобга олсак, мамлакат иқтисодиётининг доллардаги тахминий ҳажми қуйидагича шаклланади:
| Йил | Тахминий ЯИМ | Йиллик қўшимча ўсиш |
|---|---|---|
| 2026 | $180,8 млрд | — |
| 2027 | $203 млрд | +$22,2 млрд |
| 2028 | $226,5 млрд | +$23,5 млрд |
| 2029 | $255,5 млрд | +$29 млрд |
Бу ҳисоб-китобга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026–2029 йилларда доллар ҳисобида тахминан $74,7 млрдга ёки 41 фоизга кенгаяди. Якуний натижа аҳоли сони, инфляция ва миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан амалдаги курсига боғлиқ бўлади.
Ўрта муддатда истеъмол, хизматлар экспорти ва хорижий инвестициялар иқтисодий ўсишни талаб томондан қўллаб-қувватловчи асосий омиллар бўлиши кутилмоқда.
Тармоқлар кесимида бозор хизматлари, хусусан, алоқа ва ахборотлаштириш, молия, транспорт, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳалари асосий драйверлардан бўлади. Саноатда эса металлургия, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва автомобилсозлик юқори ўсишни таъминлаши прогноз қилинган.
Фискал стратегияга кўра, саноат ишлаб чиқариши 2027 йилда 6,7 фоизга, 2028 йилда 7,1 фоизга ва 2029 йилда 7,9 фоизга ўсади. Бозор хизматларида эса ўсиш суръати мос равишда 14,3 фоиз, 14,7 фоиз ва 15,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Қурилиш ишлари ҳажми 2027 йилда 8,3 фоизга, 2028 йилда 8 фоизга ва 2029 йилда 7,6 фоизга ошиши прогноз қилинган. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида йиллик ўсиш 5–5,1 фоиз атрофида сақланиб қолади.
Шу билан бирга, инфляция 2026 йил якунида 6,5 фоизни ташкил этиши, 2027 йилда 5–6 фоизгача пасайиши ва 2028–2029 йилларда Марказий банкнинг 5 фоизлик таргети даражасида барқарорлашиши кутилмоқда.









