12 212.790 so‘m

increase

43.380

14 411.090 so‘m

increase

51.190

159.520 so‘m

increase

0.570

12 212.790 so‘m

increase

43.380

2 соат аввал
Банк
52

Ўзбекистон давлат қарзи 47 миллиард долларга яқинлашди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 46,85 миллиард долларга етди. Қарзнинг асосий қисми ташқи манбалар ҳисобига шаклланган бўлиб, маблағлар асосан бюджет тақчиллиги ва энергетика соҳасини молиялаштиришга йўналтирилган.

Ўзбекистон давлат қарзи 47 миллиард долларга яқинлашди
Фото: AI/Pinkod.uz

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 46,85 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида кўрсатиб ўтилган. Бир йил давомида давлат қарзи 6,6 миллиард долларга ошган.

Умумий қарзнинг 39,8 миллиард доллари (85 фоизи) ташқи қарз ҳиссасига, 7 миллиард доллари (15 фоизи) эса ички қарзга тўғри келади. Асосий ўсиш айнан ташқи қарз ҳисобига юз берган — 2025 йил давомида у 6,1 миллиард долларга кўпайган. Натижада ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати 1,9 фоиз пунктга ошиб, 31,9 фоизга етган.

Йилнинг сўнгги чорагида давлат томонидан 3,1 миллиард доллар миқдорида янги қарз жалб қилинган. Бу маблағлар, эҳтимол, бюджет тақчиллигини молиялаштириш билан боғлиқ.

O‘zbekiston davlat qarzi

O‘zbekiston davlat qarzi (2017-2025 yillar)

Ташқи қарз таркибида 46 фоиз маблағ қатъий (фиксатсияланган) фоиз ставкада, 37 фоизи эса ўзгарувчан фоиз ставкада олинган.

Асосий қарз берувчилар кимлар?

Давлат ташқи қарзининг 22,3 млрд долларлик қисми халқаро молия институтларидан олинган. Булар қуйидагилар:

  • Жаҳон банки — $8,95 млрд
  • Осиё тараққиёт банки — $8,35 млрд
  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — $2,28 млрд
  • Ислом тараққиёт банки — $1,06 млрд
  • Халқаро валюта жамғармаси — $628 млн
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — $457 млн
  • Бошқа институтлар (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, OPEK жамғармаси, Европа инвестиция банки) — $582 млн

Шунингдек, ташқи қарзнинг 29 фоизи ёки 11,66 млрдлик қисми хорижий ҳукуматларга тегишли молия ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда:

  • Хитой тараққиёт давлат банки, Эксимбанк ва бошқалар — $3,9 млрд
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — $2,99 млрд
  • Франция тараққиёт агентлиги — $1,35 млрд
  • Корея Эксимбанки ва тараққиёт жамғармаси — $722 млн
  • Германия давлат банки — $739 млн
  • Саудия тараққиёт жамғармаси — $137 млн
  • Испания давлат банки — $74 млн
  • Туркия Эскимбанк — $27 млн (янги кредитор)
  • Бошқалар — $1,71 млрд

Бундан ташқари, $5,85 миллиардлик ташқи қарз халқаро облигациялар орқали инвесторлар томонидан молиялаштирилган.

Қарз маблағлари қаерга йўналтирилмоқда?

Жалб қилинаётган давлат қарзининг тенг ярми ($18,8 млрд) бюджет тақчиллигини қоплашга йўналтирилмоқда. 5,6 млрд долларлик қарз эса ёқилғи-энергетика саноатини қўллаб-қувватлаш учун сарфланган. Қолган қарзлар қуйидаги соҳаларга сарфланган:

  • Қишлоқ ва сув хўжалиги — $3,34 млрд (9%)
  • Уй-жой коммунал хўжалиги — $3,2 млрд (8%)
  • Транспорт ва инфратузилма — $3,06 млрд (8%)
  • Соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари — $3,5 млрд (9%)
  • Тадбиркорлик ва саноат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш — $619 млн (2%)
  • Кимё саноати — $662 млн (2%)

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+