Ўзбекистон банклари 2025 йил биринчи ярим йиллигида қанча соф фойда олди?
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон банклари умумий ҳисобда 6,5 триллион сўмлик соф фойда кўрди. Соф фойда бўйича ТОП-10 таликнинг 7 тасини хусусий банклар эгаллади.
Ўзмиллийбанк 1 триллион сўм билан етакчиликни сақлаб қолган бўлса, Hamkorbank, Капиталбанк ва Octobank каби хусусий банклар ҳам юқори даромад қайд этди.
Шу билан бирга, Ипотека банк, Apex Bank, Янги Банк каби банклар ярим йилликни зарар билан тугатди.

2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон банклари умумий ҳисобда 6,5 триллион сўмлик соф фойда олди. Бу ҳақда Bankers.uz оператив маълумотларга асосланиб хабар берди.
Мазкур кўрсаткич ўтган ярим йилликка нисбатан 991 млрд сўм ёки 18 фоизга кўпроқдир.
Энг кўп фойда кўрган ТОП-10 банкдан 3 таси давлат, 7 таси эса хусусий банклар ҳисобланади.
Давлат банклари
2025 йилнинг биринчи ярмида барча давлат банклари фаолиятини молиявий фойда билан якунлади. Улардан Ўзмиллийбанк 1 триллион сўмлик соф фойда билан барча банклар орасида энг юқори кўрсаткични қайд этди. Банк фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга ошган.
Иккинчи ўринда Ўзсаноатқурилишбанк турибди — банк 808,6 миллиард сўм соф фойда кўрган.
2024 йилнинг биринчи ярмида 378,1 миллиард сўм зарар кўрган Бизнесни ривожлантириш банки бу йил 319,7 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган ва энг кўп фойда олган 10 та банк ичига кирган (8-ўрин).
Давлат банклари орасида Алоқабанк ҳам ижобий натижага эришган — банк 6 ойликни 207,6 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар ёки 89,2 фоизга кўпдир.
Шунингдек, Микрокредитбанк 49 миллиард сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилга нисбатан миқдорий жиҳатдан 45,5 миллиард сўмга кўпроқдир.
Давлат банклари ичида фақатгина Асакабанкда фойдада пасайиш кузатилган — банк 6 ой давомида 47,4 миллиард сўм соф фойда кўрсатган. Бу ўтган йилга нисбатан 23,5 миллиард сўмга кам.

Хусусий банклар
Давлат назоратида бўлмаган банклар орасида олтита банк ярим йилликни зарар билан якунлади. Улардан 2023 йилда хусусийлаштирилган Ипотека банк энг кўп зарар кўрган — 392,5 миллиард сўм.
Шунингдек, AVO Bank 1,8 миллиард сўм, Гарант банк 9,7 миллиард сўм, Евроосиё банки 51,6 миллиард сўм, Янги Банк 55,6 миллиард сўм ва Apex Bank 62,4 миллиард сўм зарар кўрган.
Хусусий банклар орасида энг кўп фойда кўрган банк Ҳамкорбанк бўлди. Банк 806,8 миллиард сўм соф фойда билан ярим йилликни якунлаган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга ёки 138,7 миллиард сўмга кўпроқдир.
Кейинги ўринда Капиталбанк туради — банк 602,4 миллиард сўмлик соф фойда кўрган. Бироқ бу ўтган йилга нисбатан 109,9 миллиард сўм ёки 15,4 фоизга камроқдир.
Шунингдек, ТБC Bank Узбекистан ва Зираат Банк Узбекистан кўрсаткичларида ҳам пасайиш кузатилган. Уларнинг соф фойдаси мос равишда 53,3 миллиард сўм ва 10,5 миллиард сўмга камайган.
Бироқ ўтган йилни мос равишда 19,3 ва 15,6 миллиард сўм зарар билан якунлаган Хаёт банк ва Tenge Bank’да бу йил ижобий ўсиш қайд этилган. Ҳаётбанк ярим йилликни 25,3 миллиард сўм, Tenge Bank эса 3,8 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган.
Шунингдек, Octobank 162,3 миллиард сўм фойда билан, Anorbank эса 102,2 миллиард сўм фойда билан фаолиятни якунлаган. Бу банкларда мос равишда 112,6 миллиард сўм ва 62,9 миллиард сўмлик ўсиш кузатилган.