12 022.920 so‘m

increase

52.250

13 843.190 so‘m

increase

94.880

148.140 so‘m

increase

0.550

12 022.920 so‘m

increase

52.250

1 кун аввал
Иқтисодиёт
70

Ўзбекистон АҚШ билан ЯИМнинг 100 фоизига тенг битим туздими?

Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтонга амалий ташрифи доирасида АҚШ Президенти Доналд Трамп билан Оқ уйдаги Овал хонада учрашди. Трамп музокаралар якунида Ўзбекистон билан 100 миллиард долларлик савдо-иқтисодий битим имзоланганини эълон қилди.

Ўзбекистон АҚШ билан ЯИМнинг 100 фоизига тенг битим туздими?
Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтонга амалий ташрифи доирасида Оқ уйнинг Овал хонасида АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, C5+1 форматида Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш йўналишида фикр алмашилди.

Доналд Трамп ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистон билан “мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий келишув” имзоланганини маълум қилди.

“Яқин уч йил ичида Ўзбекистон АҚШнинг муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё ва ахборот технологиялари каби соҳаларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритади ва харидларни амалга оширади”, — деб ёзди у.

Шунингдек, Трамп Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, “мамлакатларимиз ўртасида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни интиқлик билан кутамиз”, дея таъкидлади.

Бу битим Ўзбекистон ЯИМининг 100 фоизига тенгми?

Ижтимоий тармоқларда ва айрим хорижий нашрларда битим Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 100 фоизига тенг деган фикрлар тарқалди. Бу даъволар ёки нотўғри талқин ёки контекстдан ажратиб кўрсатилган рақамлар натижасидир.

2024 йилда Ўзбекистон ЯИМи тахминан $115 млрдни ташкил қилган. Агар келгуси ўн йил ичида $100 млрд инвестиция ёки харидлар амалга оширилиши ҳақидаги рақамни 2024 йилги ЯИМ билан солиштирсак, у ЯИМнинг тахминан 87 фоизига тенг бўлади ($100 млрд / $115 млрд ≈ 0.87).

Бироқ бу солиштиришнинг ўзи ҳам нотўғридир. ЯИМ йил давомида мамлакат иқтисодий фаолияти ҳажмини ифодалайди (ишлаб чиқариш, хизматлар, ва ҳоказо), шунинг учун ўн йилга тақсимланган инвестицияларни бир йиллик ЯИМ билан бевосита тенглаштириш хато тушунча туғдиради.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг изоҳига кўра, битимнинг 10 йил давомида босқичма-босқич амалга оширилишини инобатга олсак, у 10 йиллик умумий ЯИМнинг атиги 2,8 фоизига тенг бўлади.

“Яъни пандемиядан кейинги даврдагидек ўсишда давом этсак, 10 йил учун 100 млрд долларлик битим жуда катта рақам эмас. Биринчи уч йилда 35 млрд доллар эса  уч йиллик иқтисодиётимизнинг 6,7 фоизини ташкил этади. Яъни тармоқларда тарқатилаётгани каби катта рақамлар эмас”, — дейди иқтисодчи ўзининг Миркономика Telegram каналида.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+