12 025.330 so‘m

decrease

-31.990

14 162.230 so‘m

decrease

-30.440

155.250 so‘m

increase

0.090

12 025.330 so‘m

decrease

-31.990

1 кун аввал
Банк
50

Ўзбекистон 2030 йилгача давлат банклари сонини 9 тадан 4 тагача қисқартиради

2030 йилгача банк тизимидаги давлат улуши 55 фоизгача камайтирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон 2030 йилгача давлат банклари сонини 9 тадан 4 тагача қисқартиради
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистон бешта давлат банкини хусусийлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг молиявий стратегиясида маълумот берилган.

Ҳозирда давлат тасарруфида NBU, “Агробанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Халқ банки”, “Бизнесни ривожлантириш банки”, “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Туронбанк” каби тўққизта банк мавжуд. Режаларга кўра, 2026 йилга келиб давлат банклари сони саккизтага, 2030 йилга бориб эса тўрттагача қисқартирилади. Яъни, ҳар йили камида битта давлат банки хусусийлаштирилади.

Янгиланган стратегияда банк тизимидаги давлат улушини 2026 йилда 65 фоиздан 2030 йилга келиб 55 фоизгача камайтириш мақсади белгиланган. 2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, давлат иштирокидаги банклар активлари 576,2 трлн сўмни ёки тизимнинг 64,53 фоизини ташкил этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк”ни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи 2025–2026 йилларга, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Туронбанк”ни хусусийлаштириш эса 2026–2027 йилларга мўлжалланган. Шу билан бирга, NBU, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Бизнесни ривожлантириш банки”ни сотиш 2026–2028 йиллар оралиғида режалаштирилмаган.

Шунингдек, иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, яқин йилларда кичик банклардан бири — “Алоқабанк” ёки “Туронбанк” хусусийлаштирилиши мумкин. Унга кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” ёки “Асакабанк”ни сотиш эҳтимоли 2028 йилдан олдин паст.

Бундан ташқари, хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) 2026 йилда “Асакабанк” акцияларининг 15 фоизини сотиб олиб, банк акциядорлари таркибига кириши режалаштирилган.


Аввалроқ Ўзбекистон хусусийлаштириш стратегиясида асосий эътибор SQB’га қаратилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+