Ўзбекистон 2024 йилда энг кўп олтин қазиб олган ТОП-10 мамлакатлар қаторига кирди
2024 йилда Ўзбекистон 129 тонна олтин ишлаб чиқиб, глобал ишлаб чиқарувчилар орасида 10-ўринни эгаллади. Шу йил давомида дунё бўйича олтин қазиб олиш ҳажми 3,66 минг тоннага етди.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича жаҳон рейтингида 10-ўринни эгаллаб, 129 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқарди.
Бу кўрсаткич глобал ҳажмнинг 3,5 фоизини ташкил этади, дея хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (WGC).
Ҳисоботда қайд этилишича, 2024 йилда дунё бўйича олтин қазиб олиш ҳажми 3,66 минг тоннага етиб, ўтган йилга нисбатан 0,5 фоизга ошган. Энг йирик ишлаб чиқарувчилар орасида Хитой (380 тонна), Россия (330 тонна), Австралия (284 тонна), Канада (202 тонна) ва АҚШ (158 тонна) етакчилик қилмоқда. Минтақадаги қўшни Қозоғистон эса 87 тонна олтин ишлаб чиқарган ҳолда 14-ўринни банд этди.
Олтиннинг энг йирик истеъмолчиси заргарлик саноати бўлди. Бу соҳа улушига 2 минг тонна олтин тўғри келди. Гарчи умумий талаб 11 фоизга қисқариб, 1,87 минг тоннани ташкил этган бўлса-да, заргарлик буюмларига сарф-харажатлар 9 фоизга кўпайиб, 144 миллиард долларга етди.
2025 йил сентябрь ойи бошида жаҳон бозорида олтин нархи тарихий рекорд ўрнатиб, бир унция учун $3 600 га чиқди.
Жорий йил бошидан бери олтин 44 фоизга қимматлаб, кескин ўсишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил августида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихий рекорд даражага чиқди.
Марказий банк маълумотига кўра, 1-сентябрь ҳолатига захираларнинг умумий қиймати 50,08 миллиард долларни ташкил этиб, бир ой олдинги кўрсаткичдан 1,34 миллиард долларга кўпроқ бўлди.