12 581.970 so‘m

increase

84.220

14 698.260 so‘m

increase

39.650

157.750 so‘m

increase

0.960

12 581.970 so‘m

increase

84.220

29 июль, 15:25
Иқтисодиёт

Ўзбекистон 1,68 миллиард долларлик активлар бўйича Лондон ва Тошкентда қўшма IPO ўтказмоқчи — Bloomberg

Ўзбекистоннинг 1,68 миллиард долларлик активларни бошқараётган Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) Лондон ва Тошкент фонд биржаларида қўшма IPO ўтказишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон 1,68 миллиард долларлик активлар бўйича Лондон ва Тошкентда қўшма IPO ўтказмоқчи — Bloomberg
Фото: AI / Pinkod.uz

Ўзбекистоннинг Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) Лондон ва Тошкент фонд биржаларида қўшма IPO (бошланғич оммавий таклиф) ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg ҳолатга яқин манбаларига таяниб хабар берди.

Franklin Templeton компанияси жорий йилда жамғарма бошқарувини ўз зиммасига олган ва ҳозирда STJ Advisors каби халқаро молиявий маслаҳат фирмалари билан ҳамкорликда ишламоқда.

2023 йилда ташкил этилган UzNIF жамғармаси ҳозирда 18 та давлат улуши бўлган корхоналарда кам улушга эгалик қилади. 

Жамғарма хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида Лондонда глобал депозит сертификатларини (GDR) чиқаришни режалаштираётгани, шунингдек, Яқин Шарқдаги банклар билан музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди.

Ушбу режа Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган хусусийлаштириш сиёсатининг бир қисми бўлиб, давлат активларини бозорга чиқариш орқали инвестициялар оқимини кучайтириш мақсадини кўзлайди.

Шунингдек, дунёдаги йирик олтин ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Навоий конь-металлургия комбинати ҳам Лондонда IPO ўтказиш имкониятини ўрганмоқда. Ҳозирча бу икки лойиҳадан қайси бири биринчи бўлиб амалга оширилиши, IPO ҳажми ва санаси ҳақида якуний қарор қабул қилинмаган.

Франклин Темплетон вакилининг маълум қилишича, UzNIF акциялари Тошкент фонд биржасида ва хорижий биржалардан бирида жойлаштирилади, аммо ҳозирча қайси халқаро фонд биржаси танланиши аниқ эмас.

Bloomberg маълумотларига кўра, Лондон биржаси сўнгги йилларда сустлашган бўлиб, жорий йилнинг биринчи ярмида IPO орқали атиги 200 миллион фунтдан кам маблағ жалб этилган. Агар Ўзбекистон компаниялари айнан Лондонда листингдан ўтса, бу мазкур бозорда жонланиш юзага келишига туртки бўлиши мумкин.


Эслатиб ўтамиз, 1 май кунидан бошлаб Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси бошқаруви АҚШнинг Franklin Templeton инвестиция гуруҳига ўтказилган эди. 

Бугунги кунда UzNIF тахминан 1,7 миллиард долларлик активларни бошқаради. Улар орасида “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” ва “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг асосий бўлмаган қисмлари мавжуд.

Шунингдек, 2025 йил 9 июнь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Universal Mobile Systems (Mobiuz) компанияси устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнини бошлаганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Mobiuz мобил алоқа операторини 300 млн долларга сотишни режалаштирмоқда. Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, жараёнга Яқин Шарқ ва Европадан инвесторлар жалб қилиниши мумкин.

Шунингдек, агар Мобиуз бошқа операторлар билан бирлашиш эҳтимоли юзага келса, давлат потенциал харидорни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+