12 114.970 so‘m

increase

40.690

14 260.530 so‘m

increase

41.860

162.070 so‘m

increase

1.210

12 114.970 so‘m

increase

40.690

1 соат аввал
Банк
19

Озарбайжоннинг ABB банки Davr Bank назорат пакетини сотиб олмоқда

Озарбайжон Халқаро банки — ABB Davr Bank акцияларининг 51 фоизлик назорат пакетини сотиб олиш бўйича музокараларни якунлади. Битим расмийлаштирилса, банк Ўзбекистон бозорида “ABB Davr Bank” бренди остида фаолият бошлаши мумкин. Davr Bankʼга киритиладиган инвестиция ҳажми $100 млн дан ошиши, битим эса 2026 йилнинг иккинчи ярмида якунланиши кутилмоқда.

Озарбайжоннинг ABB банки Davr Bank назорат пакетини сотиб олмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Озарбайжон Халқаро банки — АББ Ўзбекистон банк бозорига киришга тайёрланмоқда. Банк Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири — Davr Bank акцияларининг 51 фоизлик назорат пакетини сотиб олиш бўйича музокараларни якунлаган. Бу ҳақда АББ бошқаруви раиси Аббас Ибрагимов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, зарур рухсатномалар олиниб, расмийлаштириш жараёнлари якунлангач, АББ Ўзбекистонда “ABB Davr Bank” бренди остида фаолият бошлаши мумкин. Битим 2026 йилнинг иккинчи ярмида якунланиши кутилмоқда.

“Биз акцияларининг назорат пакетини сотиб олмоқчи бўлган банк Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири бўлиб, Davr Bank деб номланади. Умид қиламизки, агар рухсатномалар олиш ва расмийлаштириш жараёнларини тезда якунлай олсак, мамлакатимизнинг халқаро банк бренди ABB жорий йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон бозорида ABB Davr Bank номи билан тақдим этила бошлайди”, — деган Ибрагимов.

АББ томонидан Ўзбекистондаги банкка киритилиши режалаштирилаётган инвестиция ҳажми $100 млн дан ошиши айтилмоқда. Давр Банк активлари қарийб $1 млрдга баҳоланмоқда. Банк 1,4 млн мижозга хизмат кўрсатади ва мамлакат бўйлаб 43 та филиалга эга.

1 апрель ҳолатига кўра, Давр Банк активлари 12,6 трлн сўмни, кредит портфели 9,2 трлн сўмни, депозит базаси эса 4,6 трлн сўмни ташкил қилган. Банк капитали 2,2 трлн сўм атрофида баҳоланган. Муаммоли кредитлар ҳажми 290 млрд сўм бўлиб, бу умумий кредит портфелининг 3,1 фоизига тенг.

Банк 2025 йилда 631,5 млрд сўм соф фойда олган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 183,6 млрд сўмни ташкил этган.

Давр Банк 2001 йил сентабр ойида ташкил этилган. Банкнинг амалдаги энг йирик улуши Лутфулла Убаевга тегишли бўлиб, у 46,9 фоиз акцияга эгалик қилади. Шунингдек, банк акциядорлари орасида Махфуза Убаева, Дурдона Рахматуллаева ва Миркодир Мирзаятов ҳам бор.

Битим якунланиши учун томонлар аввало тегишли рухсатномаларни олиши керак. Хусусан, банк устав капиталидаги 50 фоиздан ортиқ улушни сотиб олиш назорат улушини қўлга киритиш ҳисобланади ва бундай ҳолатда Марказий банк розилиги талаб этилади. Бундан ташқари, иқтисодий концентрация юзасидан Рақобат қўмитасининг олдиндан розилиги ҳам зарур бўлиши мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+