Ўқитувчиларга ипотека бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб бериш тартиби қандай?
2026 йилдан бошлаб олий малака тоифасига эга ва камида 15 йил иш стажига эга педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Ҳукумат қарорига кўра, субсидия бирламчи уй-жой бозоридан хонадон харид қилиш учун ажратилади ҳамда аризалар онлайн платформалар орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади.

Ўзбекистонда ўқитувчиларга ипотека кредити учун бошланғич бадалнинг маълум қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди. Бу 19 февраль куни олий тоифали ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори (ВМҚ–69-сон) билан белгиланган.
Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажига эга ва олий малака тоифасидаги, бош ўқитувчи лавозимида фаолият юритаётган педагогларга ипотека кредити учун бошланғич бадалнинг 25 фоизи бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Субсидия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида, бирламчи уй-жой бозоридан квартира харид қилиш учун ажратилади. Мазкур мақсадлар учун бюджетдан ҳар йили 200 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали бепул қабул қилинади. Ҳужжатлар subsidiya.idm.uz платформасида инсон омилисиз кўриб чиқилади, тўловлар эса вазирликнинг subsidyplatform.mf.uz тизими орқали автоматик равишда амалга оширилади.
Субсидия маблағлари ариза берувчининг доимий рўйхатдан ўтган ҳудудидаги уй-жойни сотиб олиш учун йўналтирилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқароларга Тошкент вилоятидан ипотека асосида уй-жой харид қилиш имконияти берилади.
Бандлик вазирлиги икки ҳафта муддатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда олий малака тоифасига эга ва камида 15 йил иш стажига эга педагоглар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириши лозим.
Таълим ташкилотларида фаолият юритаётган, олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозими) эга ва 60 ёшгача бўлган педагоглар ипотека кредити бошланғич бадалининг бир қисмини қоплаш учун ариза бериш ҳуқуқига эга.
Ариза берувчилар қуйидаги мезонлар асосида текширилади:
- ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида расмий никоҳ мавжудлиги;
- уларнинг номида икки ва ундан ортиқ турар жой мулки мавжуд эмаслиги;
- камида 15 йил иш стажига эга экани ва айни пайтда фаолият юритаётгани;
- олий малака тоифасига эгалиги;
- кредит тарихининг банк талаблари асосида ижобий баҳоланиши.
Ижтимоий мезонларга мос келган шахс талабгор сифатида эътироф этилади. Бироқ субсидия ажратилиши ҳақидаги хабарнома ипотека кредити ажратилишини кафолатламайди — кредит масаласи банк томонидан алоҳида тартибда кўриб чиқилади.
Шунингдек, қуйидаги ҳолатларда ариза автоматик равишда рад этилади:
- талаблар бажарилмаган бўлса;
- нотўғри ёки сохта маълумот тақдим этилган бўлса;
- кредит тарихи банк талабларига жавоб бермаса;
- аввал бошқа уй-жой субсидия дастуридан фойдаланилган бўлса;
- ажратилган бюджет маблағлари тугаган бўлса.
Субсидия бир оила (эр ёки хотин) учун фақат бир марта тақдим этилади.









