OpenAI саломатлик учун мўлжалланган ChatGPT Health функциясини ишга туширди
OpenAI АҚШда ChatGPT Health функциясини жорий этди. Янги имконият фойдаланувчиларнинг тиббий ҳужжатлари ва соғлиқ иловалари маълумотларини таҳлил қилиб, шахсийлаштирилган маслаҳатлар беришни мақсад қилади.

OpenAI АҚШда ChatGPT ънинг янги ChatGPT Health номли функциясини ишга туширди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ушбу имконият фойдаланувчиларнинг тиббий ҳужжатлари ва Apple Health, Peloton, MyFitnessPal каби иловалардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб, соғлиқ бўйича янада шахсийлаштирилган жавоблар беришни мақсад қилади.
Компания маълумотига кўра, соғлиқ билан боғлиқ суҳбатлар бошқа чатлардан алоҳида сақланади ва сунъий интеллектни ўқитишда фойдаланилмайди. Шунингдек, OpenAI бу функция ташхис қўйиш ёки даволаш воситаси эмас, балки тиббий хизматни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланганини таъкидламоқда.
Бироқ махфийлик масаласи бўйича хавотирлар ҳам йўқ эмас. АҚШдаги Democracy and Technology маркази вакили Эндрю Кроуфорд соғлиқ маълумотлари энг нозик ахборотлардан бири эканини таъкидлаб, уларни ҳимоялаш бўйича “мутлақо ишончли” механизмлар зарурлигини билдирди.
OpenAI’нинг айтишича, ҳар ҳафта 230 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ChatGPT’га соғлиқ ва фаровонлик бўйича саволлар билан мурожаат қилади. Янги функция айнан шу эҳтиёжни янада аниқ ва мослаштирилган тарзда қондиришга қаратилган.
Ҳозирча ChatGPT Health фақат АҚШда чекланган фойдаланувчилар учун очилган. Буюк Британия, Швейсария ва Европа Иқтисодий Ҳудудида эса қатъий маълумотларни ҳимоялаш талаблари сабабли функция ишга туширилмаган.









