OpenAI GPT-6 Astra’ни веб, мобил ва компьютерга чиқара бошлади
OpenAI янги GPT-6 Astra моделини ChatGPT фойдаланувчиларига босқичма-босқич тақдим этишни бошлади.
Модель ChatGPT’нинг веб ва мобил версияларидаги Work режимида ҳамда Windows ва macOS учун десктоп иловасида ишлаши мумкин.
Ҳозирча Astra пуллик тарифларга тарқатилмоқда, Free ва Go фойдаланувчилари учун унинг қачон очилиши маълум қилинмаган.

OpenAI GPT-6 Astra’ни 3 сентябрь куни тақдим этди. Компания уни ҳозиргача яратган “энг кучли ва энг мослаштирилган” модели сифатида таърифламоқда. Асосий янгиликлардан бири Astra шунчаки саволларга жавоб беришдан ташқари, компьютер интерфейсларини бошқариб, бир неча босқичли вазифаларни мустақил бажаришга мослаштирилган.
Модель интернетда тадқиқот олиб бориши, формаларни тўлдириши, CRM тизимидаги маълумотларни янгилаши, календарь билан ишлаши, ҳужжат, электрон жадвал ва презентациялар тайёрлаши мумкин. Десктоп иловада эса фойдаланувчи рухсат берган тақдирда локал файллар ва компьютердаги дастурлар билан ҳам ишлаш имконияти мавжуд.
OpenAI маълумотларига кўра, Astra OSWorld 2.0 компьютер бошқаруви тестида 72,6 фоиз натижа кўрсатган. GPT-5.6 Sol’да бу кўрсаткич 65,7 фоиз эди. Astra бир вазифани ўртача 40 дақиқада бажарган бўлса, олдинги моделга тахминан 75 дақиқа керак бўлган — яъни вақт қарийб 47 фоизга қисқарган.
ScreenSpot-Pro интерфейс элементларини аниқлаш тести бўйича ҳам Astra 92,7 фоиз натижа қайд этган, GPT-5.6 Sol эса 76,9 фоизда қолган. AutomationBench’да фарқ янада катта (мос равишда 41,4 ва 18,1 фоиз).
Кимлар Astra’дан фойдалана олади?
7 сентябрь ҳолатига Astra ҳали барча аккаунтларда бир хил кўринишда очилмаган. Pro, Business ва Enterprise тарифларида GPT-6 Astra асосидаги GPT-6 Pro ChatGPT’га босқичма-босқич қўшилмоқда. Plus фойдаланувчилари эса Astra’дан ChatGPT Work ва Codex орқали фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
ChatGPT Work веб ва мобил иловаларда ишлайди. Windows ва macOS учун ChatGPT десктоп иловасида эса Work билан бирга локал файллар ва дастурлар билан ишлаш имконияти ҳам мавжуд. OpenAI Astra’дан фойдаланиш учун десктоп илованинг энг сўнгги версиясини ўрнатишни тавсия қилмоқда.
Тарқатиш босқичма-босқич амалга оширилаётгани сабабли бир хил тарифдаги фойдаланувчиларда ҳам Astra турли вақтда пайдо бўлиши мумкин.
1 млн токендан ортиқ контекст
GPT-6 Astra API версияси 1,05 млн токенлик контекст ойнаси ва бир жавобда 128 мингтагача токен чиқариш имкониятига эга. Моделнинг билимлар базаси 2026 йил 30 апрелгача бўлган маълумотларни қамраб олади.
API орқали Astra’дан фойдаланиш нархи ҳар 1 млн кирувчи токен учун 10 доллар, чиқувчи токен учун эса 50 доллар этиб белгиланган. Кешланган кирувчи маълумотлар 1 млн токен учун 1 доллар туради.
Astra OpenAI API’дан ташқари Microsoft Azure ва Amazon Bedrock орқали ҳам тақдим этилади.
Astra хавфсизлик бўйича ҳам янги чегарага чиқди
Янги модель OpenAI’нинг ички баҳолаш тизимида “Critical” даражадаги киберхавфсизлик имкониятига эга бўлган биринчи модель бўлди. Компания тестлари давомида Astra илгари номаълум бўлган иккита заифликни топиб, улардан фойдаланиш йўлини ҳам аниқлаган.
Шу сабабли моделнинг энг кучли киберхавфсизлик имкониятлари оддий фойдаланувчиларга тўлиқ очилмайди. OpenAI Astra бажарадиган узоқ ва мураккаб вазифаларни қўшимча мониторинг қилади ва тизим фойдаланувчи топшириғидан четга чиқиш эҳтимолини аниқласа, ишни вақтинча тўхтатиши мумкин.









