11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 4 соат ичида
Банк
11

Омонатларнинг реал даромадлилиги 8,9 фоизга етди — сўнгги 13 ойдаги энг юқори даража

Сентябрь ойида аҳолининг сўмдаги муддатли омонатлари бўйича реал фоиз ставкаси 8,9 фоизга етди. Кўрсаткич бир ойда 1 фоиз пунктга ошиб, камида 2025 йил сентябридан бери энг юқори даражани қайд этди. Бунда омонатларнинг номинал ставкаси ўзгармаган, ўсиш эса инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳисобига юз берган.

Омонатларнинг реал даромадлилиги 8,9 фоизга етди — сўнгги 13 ойдаги энг юқори даража

Марказий банкнинг янги маълумотларига кўра, сентябрь ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 18,4 фоизни ташкил этди. Бу август ойидаги кўрсаткич билан бир хил.

Шу тариқа, аҳоли омонатлари бўйича ставка 2021 йил февралидан бери энг паст даражада қолмоқда. Pinkod аввалроқ хабар берганидек, август ойида фоиз ставкаси 18,4 фоизгача пасайиб, 5,5 йиллик минимумни янгилаган эди.

Таққослаш учун, 2025 йил сентябрида аҳолининг муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 21,3 фоизни ташкил этган. Бир йил ичида кўрсаткич 2,9 фоиз пунктга камайган.

Бироқ номинал фоизларнинг пасайишига қарамай, омонатларнинг инфляцион кутилмаларни ҳисобга олган ҳолдаги реал даромадлилиги ошмоқда.

Август ойида реал фоиз ставкаси 7,9 фоизни ташкил этган бўлса, сентябрда 8,9 фоизга етган. Бу 2025 йил сентябридан бошланган 13 ойлик даврдаги энг юқори натижа ҳисобланади. Бир йил аввал ушбу кўрсаткич 8,3 фоиз эди.

Реал даромадлилик нега ошди?

Бунга аҳолининг инфляцион кутилмалари пасайгани таъсир кўрсатган. Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида аҳоли келгуси 12 ойда нархлар ўртача 9,8 фоизга ошишини кутган бўлса, сентябрда бу кўрсаткич 8,7 фоизгача тушган.

Натижада банк омонатларининг номинал даромадлилиги ўзгармаган бўлса ҳам, кутилаётган инфляция ҳисобга олинган реал фоиз ставкаси кўтарилган.

Реал фоиз ставкаси омонатдан олинадиган даромаднинг инфляция таъсири ҳисобга олингандан кейинги қийматини ифодалайди. Бироқ 8,9 фоизлик кўрсаткич кафолатланган реал даромад эмас. У аҳолининг инфляцион кутилмаларига асосланган бўлиб, ҳақиқий натижа келгусидаги нархлар ўсишига боғлиқ.

Қисқа муддатли омонатлар бўйича ставкалар кўтарилди

Сентябрь ойида бир йилгача бўлган аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка 14,9 фоиздан 15,6 фоизга ошган. Шунга қарамай, бу 2025 йил сентябридаги 20,7 фоизлик кўрсаткичдан 5,1 фоиз пункт паст.

Бир йилдан узоқ муддатли омонатларда эса ставка 18,9 фоиздан 18,8 фоизга тушган. Натижада қисқа ва узоқ муддатли омонатлар ўртасидаги фарқ 3,2 фоиз пунктни ташкил этган.

Айни пайтда банклар томонидан миллий валютада жалб қилинган жами муддатли депозитларнинг ўртача ставкаси 17,2 фоиз даражасида сақланиб қолган. Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ставка эса бир ойда 0,5 фоиз пунктга камайиб, 15 фоизни ташкил этган.

Валютадаги депозитларда пасайиш сезиларлироқ бўлган. Жами муддатли депозитларнинг ўртача ставкаси августдаги 5,5 фоиздан сентябрда 4,4 фоизга, юридик шахслар депозитлари бўйича эса 5,7 фоиздан 2,8 фоизга тушган.

Шу билан бирга, аҳолининг валютадаги муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 5,4 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+