11 971.640 so‘m

decrease

-8.720

13 160.420 so‘m

increase

26.350

146.330 so‘m

increase

0.710

11 971.640 so‘m

decrease

-8.720

Якин 1 соат ичида
Банк
41

Олтин қуймаларининг сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги фарқ 20 фоиздан ошди

Ўзбекистонда олтин қуймаларининг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари ўртасидаги тафовут 20,2 фоизга етди. Йил бошида бу кўрсаткич атиги 3,9 фоизни ташкил этган эди. Жаҳон бозорида олтин арзонлашаётган бир пайтда, 5 граммлик қуйманинг сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги фарқ қарийб 1,8 млн сўмга етган.

Олтин қуймаларининг сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги фарқ 20 фоиздан ошди

20 ноябрь соат 09:57 ҳолатига 5 граммлик олтин қуйманинг сотиш нархи 8 млн 901 минг сўмни, қадоғи бут ҳолатда қайтариб сотиб олиш нархи эса 7 млн 107 минг сўмни ташкил этди. Икки нарх ўртасидаги тафовут 1 млн 794 минг сўмга етди.

Таққослаш учун, 5 январда худди шундай қуйма 8 млн 735 минг сўмдан сотилган ва 8 млн 395 минг сўмдан қайтариб харид қилинган. Ўшанда нархлар ўртасидаги фарқ 340 минг сўм ёки 3,9 фоизни ташкил этган эди.

Шу тариқа, йил бошидан буён сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги тафовут 16,3 фоиз пунктга кенгайиб, беш баравардан кўпроққа ошган.

Эътиборли жиҳати, 5 граммлик қуйманинг сотиш нархи йил бошидаги кўрсаткичдан 1,9 фоизга юқори бўлиб қолаётган бир пайтда, уни қайтариб сотиб олиш нархи аксинча, 15,3 фоизга пасайган.

Нархлар ўртасидаги тафовут сўнгги кунларда ҳам кенгайишда давом этмоқда. Хусусан, 16 ноябрда 5 граммлик қуйма бўйича фарқ 17,2 фоизни, 19 ноябрда эса 19,2 фоизни ташкил этган.

20 ноябрь ҳолатига 100 граммлик олтин қуйма 178 млн 26 минг сўмдан сотилмоқда. Уни қадоғи бут ҳолатда қайтариб сотиб олиш нархи эса 142 млн 133 минг сўм этиб белгиланган. Бунда нархлар ўртасидаги тафовут қарийб 35,9 млн сўмни ташкил этади.

Қадоғи бузилган ёки техник талабларга жавоб бермайдиган қуймаларда фарқ янада каттароқ. Масалан, 5 граммлик қуйма бундай ҳолатда 7 млн 35 минг сўмдан қайта харид қилинади. Бу жорий сотиш нархидан қарийб 21 фоизга паст.

Мазкур тафовут олтинни инвестиция сифатида харид қилаётган фуқаролар учун муҳим. Чунки бугунги нархда сотиб олинган қуймани шу куннинг ўзида қайта сотиш, нархлар ўзгармаган тақдирда, харид қийматининг бешдан бир қисмига тенг йўқотишга олиб келади. 

Жаҳон бозорида олтин арзонлашмоқда

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархининг пасайиши жаҳон бозоридаги вазият билан боғлиқ. Халқаро бозорда олтин арзонлашгани сари Марказий банк белгилайдиган қуйма нархлари ҳам пасаймоқда.

20 ноябрда 5 граммлик қуйма 8 млн 901 минг сўмга тушиб, сўнгги 10 ойдаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу март ойидаги 10 млн 864 минг сўмлик рекорд нархдан 18,1 фоизга паст.

Reuters маълумотларига кўра, 20 ноябрь куни жаҳон бозорида олтиннинг бир трой унцияси 3 513,54 долларгача арзонлаб, 2025 йил сентябрдан буён энг паст даражага тушди. Қимматбаҳо металл нархига АҚШ долларининг мустаҳкамланиши ва Федерал захира тизими фоиз ставкаларини ошириши ҳақидаги кутилмалар босим ўтказмоқда.

Бироқ жаҳон бозорида олтиннинг арзонлашиши Ўзбекистонда қуймаларнинг сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги фарқ нима сабабдан 20 фоиздан ошганини тўлиқ тушунтириб бермайди.

Марказий банк изоҳига кўра, олтин қуймаларининг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари жаҳон бозоридаги олтин қиймати ҳамда регулятор томонидан белгиланган маржа ёки чегирмалар асосида шаклланади.

Маржа ва чегирмалар миқдорини белгилашда қуймаларни муомалага чиқариш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ операцион харажатлар ҳисобга олинади.

Шунга қарамай, Марказий банк сотиш ва қайта харид нархлари ўртасидаги тафовут йил бошидаги 3,9 фоиздан ҳозирги 20,2 фоизгача кенгайишининг аниқ сабабларини алоҳида тушунтирмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+