Олтин қуймалари нархи рекорд даражада ошди
17 октябрь ҳолатига кўра, 1 грамм олтин 1 миллион 760 минг сўмни ташкил этмоқда. 5 граммли қуйманинг нархи эса 8,8 миллион сўмдан ошиб, йил бошидан бери 44-маротаба рекордни янгилади. Сўнгги 12 ойда қуймалар нархи 55 фоизга ошган бўлиб, бу кўрсаткич банк депозитлари ва кўчмас мулк бозоридаги ўсишдан сезиларли юқори.

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи яна тарихий рекордни янгилади.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил 17 октябрь ҳолатига бир грамм олтин қуймасининг нархи 1 миллион 760 минг сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 5 граммли олтин қуймаси илк маротаба 8,8 миллион сўмдан ошди. Марказий банк томонидан эълон қилинган олтин қуймаларининг амалдаги нархлари қуйидагича:
- 5 грамм — 8 801 000 сўм
- 10 грамм — 17 601 000 сўм
- 20 грамм — 35 203 000 сўм
- 50 грамм — 88 007 000 сўм
- 100 грамм — 176 013 000 сўм
Йил бошидан бери олтин қуймалари 44 маротаба рекорд нархни янгилади. Сўнгги 12 ой ичида уларнинг қиймати 55 фоизга ошган.
Жаҳон бозорида ҳам ўсиш давом этмоқда
Халқаро бозорларда ҳам олтин нархи ўсишда давом этмоқда. 17 октябрь куни жаҳон котировкаларида олтиннинг бир унцияси 4 380 долларгача кўтарилди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 4 362 доллар атрофида савдо қилинмоқда.
Олтин 5 минг долларга чиқиши мумкин
Bank of America таҳлилларига кўра, 2026 йилга бориб олтиннинг бир унцияси 5 000 доллар, кумуш эса 65 долларгача етиши мумкин.
Банк ҳисоботида олтиннинг ўртача йиллик нархи 4 438 доллар, кумушники эса 56,25 доллар бўлиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, глобал иқтисодий беқарорлик, марказий банкларнинг олтин захираларини ошириши ва фоиз ставкаларининг пасайиши бу ўсишнинг асосий сабаблари ҳисобланади.