Олтин нархи икки ҳафталик минимумдан сўнг яна ошди
Бозорларда сиёсий ноаниқлик ва фоиз ставкаларининг пасайиши ҳақидаги кутишлар олтин нархини юқорига кўтарди. Citibank прогнозига кўра, келгуси уч ойда олтин нархи бир унция учун 3 500 долларга етиши мумкин.

Олтин нархи икки ҳафталик энг паст даражадан (1 августдан бери) қайтиб, кўтарилиш қайд этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Бунга, аввало, АҚШнинг 10 йиллик ғазначилик облигациялари даромадлилигининг пасайиши ҳамда геосиёсий ноаниқликлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Инвесторлар ҳозирда АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленский ва Европа етакчилари билан Россия билан тинчлик музокараларини муҳокама қилиши кутилаётган учрашувга эътибор қаратмоқда.
Душанба куни эрталаб спот-олтин унцияси 3 345,64 долларни ташкил этди (0,3% ўсиш), декабрь учун АҚШ олтин фьючерслари эса 3 391,80 долларгача кўтарилди.
Аналитикларнинг таъкидлашича, кун бошида олтин бироз пасайган бўлса-да, 3 330 доллар даражасида харидорлар уни қулай имконият сифатида баҳолаб, бозорга фаол киришгани нархни кўтарилишига ёрдам берди. АҚШ облигациялари даромадлилигининг пасайиши ҳам олтин учун қўшимча туртки бўлди.
Аляскада Россия президенти Владимир Путин ва Трамп ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Россиянинг Украинадаги кичик ҳудудлардан чиқиши, эвазига Кйив шарқий ҳудудларнинг айрим қисмларини бериши мумкинлиги тилга олинган. Бу масаланинг тафсилотлари Трамп ва Зеленский учрашувида давом этиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, АҚШнинг 10 йиллик облигация даромадлилиги икки ҳафталик энг юқори даражадан пастлади. Инвесторлар энди Федерал резервнинг Жексон-Хоулда бўлиб ўтадиган йиғилишидан фоиз ставкаларини пасайтириш бўйича қарор чиқишини кутмоқда. Мутахассислар сентабр ойида биринчи пасайиш, йил якунигача эса иккинчи марта ҳам пасайиш эҳтимолини тахмин қилмоқда.
Олтин одатда ноаниқлик ва паст фоиз ставкалари даврида хавфсиз актив сифатида қадрланади. Бошқа қимматбаҳо металлар бозорида ҳам ўсиш кузатилди: кумуш унцияси 38,08 доллар (+0,3%), платина 1 346,61 доллар (+0,8%), палладий эса 1 126,85 доллар (+1,3%) бўлди.
Ўзбекистонда олтин нархи
Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда олтин қуймаларнинг нархлари жаҳон бозоридаги тебранишларга қарамай барқарорлигини сақлаб қолмоқда. Амалдаги нархлар қуйидагича:
- 5 гр – 6 957 000 сўм
- 10 гр – 13 934 000 сўм
- 20 гр – 27 869 000 сўм
- 50 гр – 69 672 000 сўм
- 100 гр – 139 343 000 сўм
Аввалроқ Pinkod Citibank олтин нархи бўйича ўзининг аввалги пессимистик прогнозини янгилаб, кутилмаларни бир унция учун 3 500 гача кўтаргани ҳақида хабар берган эди.