12 137.860 so‘m

decrease

-53.440

14 379.720 so‘m

decrease

-85.260

158.130 so‘m

decrease

-0.380

12 137.860 so‘m

decrease

-53.440

6 соат аввал
Иқтисодиёт
50

ОКМК 200 млн долларлик тендерлар бўйича изоҳ берди, бироқ баъзи саволлар ҳали ҳам очиқ қолмоқда

Олмалиқ кон-металлургия комбинати чет эл компаниялари билан тузилган қарийб 200 миллион долларлик тендерлар юзасидан расмий изоҳ берди. 

Аммо ушбу баёнот уч йилдан бери “фаолиятсиз” мақомда турган хорижий компаниялар қандай қилиб йирик тендерларни қўлга киритгани, нега тендер ғолиблари соҳада мутлақо тажрибасиз фирмалар экани ҳамда манфаатлар тўқнашуви эҳтимолига оид асосий саволларга жавоб бермади.

ОКМК 200 млн долларлик тендерлар бўйича изоҳ берди, бироқ баъзи саволлар ҳали ҳам очиқ қолмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Олмалиқ кон-металлургия комбинати яқинда эълон қилинган ОКМК ва унинг Буюк Британия ҳамда бошқа чет эл компаниялари билан тузилган 200 млн долларлик тендерлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Комбинат матбуот хизматининг маълум қилишича, электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур шартномалар ҳақидаги хабарлар ортидан хизмат текшируви ўтказилган.

Расмий баёнотда қайд этилишича, ОКМК 2021-йилдан буён барча давлат харидларини белгиланган тартибда махсус электрон платформалар орқали амалга ошириб келмоқда. Таъкидланишича, электрон савдолар инсон омилисиз, автоматлаштирилган тарзда ўтказилади.

Хусусан, импорт шартномалари Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг etender.uzex.uz портали орқали очиқ ва шаффоф тарзда эълон қилинган ҳамда рақобат асосида ўтказилган. Комбинатга кўра, тўғридан-тўғри шартномалар тузилмаган, ҳар бир лот бўйича энг паст нарх таклиф қилган иштирокчи автоматик равишда ғолиб деб топилган.

Шунингдек, тендер иштирокчилари ўртасида аффилланганлик ҳолатлари электрон тизим орқали текширилгани ва бундай алоқалар аниқланмагани айтилмоқда. Ғолиб компаниялар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар тўлиқ ҳажмда, шартномаларда белгиланган сифат талабларига мувофиқ ҳамда белгиланган муддатларда комбинат омборларига топширилган. Товарлар махсус комиссия иштирокида қабул қилингани ҳам таъкидланган.

ОКМК расмийларига кўра, мазкур шартномалар комбинат манфаатларига зарар етказмаган, давлат харидлари жараёнида эса қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган.

Ҳали ҳам очиқ қолаётган жиҳатлар бор

Шу билан бирга, комбинатнинг расмий баёнотида ҳанузгача бир қатор муҳим жиҳатлар очиқ қолмоқда. Жумладан, ўзбекистонлик тадбиркор Григорий Хван исмли шахснинг тендерларни ютиб олган бир нечта компаниялар билан нега ва қандай тарзда боғлиқлиги масаласи аниқ изоҳланмаган.

Суриштирув материалларида Хваннинг номи фақат Буюк Британия билан чекланиб қолмай, балки Грузия, Сингапур ҳамда Багама ороллари орқали чўзилган молиявий занжирларда ҳам мунтазам учраши эътиборни тортади. Бу ҳолат эса унинг ОКМК тендерларида бевосита ёки билвосита манфаатдор томон бўлган-бўлмаганини аниқлаш заруратини юзага келтиради. Бироқ ҳозирча комбинат томонидан манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли қандай баҳолангани ёки умуман баҳоланган-баҳоланмагани номаълумлигича қолмоқда.

Шунингдек, 2021-йилдан буён Буюк Британияда “dormant”, яъни фаолиятсиз мақомда қайд этилган Lemixton Solutions Ltd (22,5 млн доллар) ва Golders Business Ltd (13 млн доллар) каби компаниялар қандай қилиб йирик ОКМК тендерларини қўлга киритгани масаласи ҳам очиқ савол бўлиб қолмоқда. Уларнинг реал фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ёки етказиб бериш тажрибаси мавжуд бўлган-бўлмагани юзасидан аниқ маълумотлар келтирилмаган.

Комбинат эса ўз изоҳларида электрон тендер тизими энг паст нарх таклиф қилган иштирокчини автоматик тарзда ғолиб деб топишини таъкидлайди. Аммо бу ёндашувнинг ўзи ҳам бир қатор мантиқий саволларни туғдиради. Хусусан, тоғ-кон саноатида тажрибага эга бўлмаган, ҳатто фаолиятсиз мақомдаги компаниялар реал ишлаб чиқарувчилар ёки амалдаги етказиб берувчиларга нисбатан қандай қилиб анча арзон таклиф бера олгани тушунарсизлигича қолмоқда. Тендер баҳолаш мезонларида тажриба ва малака омили қанчалик ҳисобга олингани ёки умуман ҳисобга олинмаган ҳолда, фақат нарх устувор бўлганми — бу саволлар ҳам ҳозирча жавобсиз.

Ўзи нима бўлганди?

2026-йил февраль ойида OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) ҳамда Finance Uncovered журналистлари ОКМК ва бир нечта чет элдаги офшор компаниялар ўртасидаги 200 миллион долларлик тендерлар юзасидан суриштирув эълон қилди.

Халқаро журналистлар аниқлаган схема Буюк Британия, Грузия ва Сингапур орқали чўзилиб, тажрибасиз, эгалари яширилган фирмалар қандай қилиб ОКМКнинг “ишончли ҳамкори”га айлангани борасида жиддий саволларни ўртага чиқарди.

Суриштирув марказида Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Lemixton Solutions Ltd ва Golders Business Ltd турибди. Ҳужжатларга кўра, бу компаниялар сўнгги уч йил давомида ОКМКнинг “ишончли ҳамкори” бўлган. Бироқ улар тоғ-кон соҳасида тажрибага эга эмас ва 2021-йилдан бери Companies House да “dormant”, яъни фаолиятсиз компания сифатида қайд этилган.

Шунга қарамай, айнан шу даврда Lemixton 22,5 миллион доллар, Golders Business эса 13 миллион долларлик ОКМК тендерларини қўлга киритган ва Ўзбекистонга юзлаб юк жўнатмаларини амалга оширган.

Журналистлар сўровидан сўнг компания эгалари шошилинч равишда бир неча бор алмаштирилиб, ҳужжатлар орқа сана билан қайта расмийлаштирилган. Аввал британиялик бухгалтер Вэнди Конрой, кейин Григорий Хван, ундан сўнг эса Колумбия фуқароси Фелипе Герреро “2018-йилдан бери эгаси” сифатида кўрсатилган. Экспертлар бuni ҳақиқий бенефициарларни яширишга уриниш деб баҳолайди.

Яна бир хавотирли ҳолат — ОКМК билан тузилган шартномаларда имзолар сохталаштирилган бўлиши мумкин. Golders Business номидан имзо қўйилган Руайри Лафлин-Макканн бу ҳужжатларни имзоламаганини билдириб, Лондон полициясига мурожаат қилган.

Суриштирув Грузия ва Сингапурдаги компанияларни ҳам қамраб олади. Бу компаниялар ОКМКдан ўнлаб миллион долларлик тендерлар олиб, офшор тузилмалар орқали яна Григорий Хван билан боғланган.

Суриштирувнинг тўлиқ ўзбек тилидаги матни билан қуйида танишиш мумкин:

ОКМК ва “арвоҳ” компаниялар: шубҳали офшор фирмалар қандай қилиб 200 млн долларлик тендерларни ютиб олди?


Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+