“Ўғирлаш қурбони аслида менман” — Қаҳрамонжон Олимов ўзига нисбатан айбловларни рад этди
ANORBANK акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилувчи Қаҳрамонжон Олимов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, уларга қарши судда курашаётганини маълум қилди. Тадбиркор 2025 йил июнь ойида Парижда ўғирлаб кетилиб, икки кун тутқунликда сақланганини айтмоқда. Унинг билдиришича, Париждаги ўғирлаш иши бўйича беш киши судгача қамоқда сақланмоқда, яна икки шахс суд назоратига олинган.

ANORBANK акциядори Қаҳрамонжон Олимов унга нисбатан қўйилган айбловлар ва 2025 йилда Парижда юз берган воқеалар бўйича илк бор батафсил баёнот берди. Баёнот 16 октябрь куни Олимовнинг Франциядаги адвокатлари — FEDIDA ASSOCIES номидан эълон қилинди.
Олимовнинг айтишича, у 2025 йил 24 июнь куни Парижда ўғирлаб кетилган, икки кун тутқунликда сақланиб, қийноққа солинган ва озод қилиниши учун пул тўлашга мажбурланган.
“Сўнгги бир ярим йил давомида мен ва оилам бир қатор ҳужумларга учраб келдик ва мен буни жиноий ҳамда ноқонуний ҳолат деб ҳисоблайман. Мен ушбу баёнотни нотўғри ахборотни тўғрилаш ҳамда мазкур воқеалар юзасидан ҳаққоний маълумот бериш мақсадида тақдим этмоқдаман”, — дейди тадбиркор.
У Франция полицияси олиб борган тергов натижасида беш киши ҳибсга олиниб, судгача қамоқда сақланаётганини билдирди. Яна икки шахс суд назоратига олинган. Олимов гумонланувчиларни гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимосномалар ҳам рад этилганини маълум қилди.
Мазкур маълумотлар Олимовнинг баёнотида келтирилган бўлиб, Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг очиқ хабари билан ҳозирча тасдиқланмаган.
“Ўзим одам ўғирлаш жинояти қурбони бўлганимга қарамай, Ўзбекистон томонидан одам ўғирлашда айбланиб, Интерполнинг қизил билдиришномаси орқали халқаро қидирувга берилганим бемаънилик”, — деди Олимов.
У ўзига қўйилган айбловларни “тўқима” деб атаб, уларга қарши судда курашаётганини билдирди. Шунингдек, унинг номига чиқарилган қизил билдиришнома Интерпол сайтидан олиб ташланганини маълум қилди.
Ўзи нималар бўлди?
Сентябрь ойи охирида Интерпол сайтида Олимовга оид қизил билдиришнома жойлаштирилган, бироқ очиқ карточкада қидирув сабаби кўрсатилмаган эди. Кейинчалик мазкур саҳифа ташкилот сайтидан йўқолди.
Аввалроқ The Insider нашри манбаларига таяниб, Ўзбекистон суди Олимовни сиртдан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқаргани ва халқаро қидирувга берганини ёзган эди. Нашр Париждаги ўғирлаш воқеаси саҳналаштирилган бўлиши мумкинлигини илгари сурган. Олимов эса бу даъволарни қатъиян рад этмоқда.
Қаҳрамонжон Олимов ANORBANK акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилади. У 2 октябрь куни банк Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш учун ариза берган, бироқ масала 28 октябрдаги акциядорлар йиғилишида кўриб чиқилади. Шу вақтгача у расман Кузатув кенгаши аъзоси бўлиб қолади.
ANORBANK акцияларининг 50 фоизи Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V. компаниясига, қолган 0,6 фоизи эса “Капитал суғурта” АЖга тегишли.
Марказий банк аввалроқ алоҳида акциядор билан боғлиқ вазият ANORBANKнинг жорий операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатмаслигини билдирган. 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига банк активлари 21,4 трлн сўмни, мажбуриятлари эса 19,8 трлн сўмни ташкил этган.









