12 025.330 so‘m

decrease

-31.990

14 162.230 so‘m

decrease

-30.440

155.250 so‘m

increase

0.090

12 025.330 so‘m

decrease

-31.990

13 соат аввал
Иқтисодиёт
63

Очиқ ва ёпиқ битимлар: 2025 йилда Ўзбекистонда нималар хусусийлаштирилди?

Йил давомида тўлов тизимлари, саноат корхоналари, инфратузилма объектлари ва давлатга тегишли бинолар юзлаб миллион долларга сотилди. 

Айрим битимлар шаффофлик масаласида саволлар уйғотган бўлса, айримлари иқтисодиётда янги ўйинчиларнинг пайдо бўлишига замин яратди.

Pinkod 2025 йил давомида хусусийлаштирилган корхона ва объектлар, шунингдек давлат ихтиёрига қайта қайтган активларни эсга олади..

Очиқ ва ёпиқ битимлар: 2025 йилда Ўзбекистонда нималар хусусийлаштирилди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Paynet Humo тўлов тизимини 65 млн долларга сотиб олди

Йил бошида “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (ҲУМО тўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини Paynet АЖ 65 миллион долларга сотиб олди.

HUMO toʻlov tizimi dastlabki uch oyda 48 mlrd soʻm sof foyda oldi

Қизиғи шундаки, 2024 йилда Paynet’нинг ўзидаги 100 фоиз давлат улуши яширинча (бу ҳақда оммага расмий маълумот берилмасдан) “New Industrial Technologies” МЧЖга сотилган эди. 

Paynet’нинг ҳозирги бош директори Анвар Исамухамедов бир вақтлар компания асосчиси ва собиқ эгаси Ботир Арифджановнинг компанияларида турли юқори лавозимларда ишлаган. Бундан ташқари, жамоанинг бошқа аъзолари ҳам Арифджанов билан алоқадорликка эга эканлиги маълум бўлган эди.

Ҳумоъни сотиб олишга даъвогарлар орасида Қозоғистоннинг финтех гиганти Kaspi ҳам бор эди, бироқ компания кейинчалик жараёндан чиқишини маълум қилган.

“Трест-12”: стратегик объектлар қурувчисининг сотилиши

Февраль ойида амалга оширилган бу битим нафақат суммаси, балки сотиб олган шахснинг кимлиги ва компаниянинг портфелидаги объектлар билан ҳам жуда муҳимдир.

“Трест-12” оддий қурилиш фирмаси эмас. Компания йиллар давомида давлат буюртмаларини (кўпинча тендерсиз) бажариб келган асосий пудратчилардан биридир. Унинг ҳисобида Тошкентнинг "ташриф қоғози"га айланган энг муҳим бинолар бор:

TANIShTIRUV: O`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tarkibi
  • Маъмурий: Олий Мажлис Сенати биноси, Вазирлар Маҳкамаси биноси, Молия вазирлиги.
  • Маданий-маърифий: Ислом цивилизацияси маркази (йирик лойиҳа), “Humo Arena” муз саройи.
  • Бошқалар: Тошкентдаги "Зангори экран" ва "Файзобод" турар-жой мажмуалари, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси биноси, "Жиззах" ЭИЗдаги автомобиль заводи.
Ислом цивилизацияси марказида сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари кетяпти

Давактив февраль ойида “Трест-12” қурилиш компаниясидаги давлат улуши сотилганини маълум қилди. Унга кўра, 111 млрд сўм таклиф қилган Delta Global Dynamics савдо ғолиби деб топилди.

Delta Global Dynamics (тижорат фаолияти ва бошқарув бўйича консалтинг) 2022 йил январь ойида рўйхатдан ўтган. Унинг раҳбари Владимир Теплов, таъсисчиси эса собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов (99 фоиз) ҳисобланади.

Ушбу тадбиркор аввалроқ ҳам йирик давлат активларини, хусусан, "UNG Petro" (собиқ Ўзбекнефтгаз ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, ҳозирги "Carvon"), Чиназ нефтни қайта ишлаш заводи ва собиқ МХХ биносини (ҳозирда ҳашаматли меҳмонхона қурилиши кетмоқда) хусусийлаштирган эди.

Anadolu Isuzu SamAuto’нинг 75,2% улушини $80 млнга сотиб олди

Туркиянинг “Anadolu Group” холдинги таркибига кирувчи “Anadolu Isuzu” компанияси “Самарқанд автомобиль заводи” (SamAuto)даги 75,2% давлат улушини 80 миллион доллар эвазига харид қилди.

Anadolu Isuzu SamAuto’нинг 75,2% улушини $80 млнга сотиб олди

Битим шартларига кўра, компания лойиҳанинг техник-иқтисодий баҳолашига асосан корхонани кенгайтириш ва электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қўшимча 80 миллион доллар инвестиция киритади. 

9 декабрь куни Хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига 80 миллион доллар келиб тушган бўлса, 10 декабрда ушбу жамғармадан республика бюджетига 1 триллион сўм ўтказиб берилган.

Зоминдаги машҳур меҳмонхона сотилди

24 декабрь куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги “New Zomin Plaza” МЧЖ (машҳур “Wynham Gardens Zomin”) меҳмонхонаси аукцион орқали сотилди.

Reviews of Wyndham Garden Zomin, Tashkent regional railway junction, Jizzax  stansiyasi — Yandex Maps

“SQB Capital” меҳмонхонадаги 99,9 фоиз улушини савдога қўйган эди. Кимошди савдосида 175 миллиард сўм таклиф қилган “Zafaron Premium Hotel Zomin” МЧЖ ғолиб деб топилди. Ғолиб ушбу суммани 1 ой ичида тўлаши белгиланган.

Капиталбанк “Ёшлик” спорт мажмуасини қарийб 300 млрд сўмга сотиб олди

23 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ёшлик” спорт мажмуасини бошқарувчи “Invest Group Centre” устав капиталидаги давлат улуши хусусийлаштирилганини эълон қилди.

Аввал “Ўзмиллийбанк”ка тегишли бўлган компаниянинг 100% давлат улуши учун очиқ савдода 3 нафар талабгор курашди. Якунда 297,9 миллиард сўмлик (Марказий банк курси бўйича қарийб 23 миллион доллар) энг юқори нархни таклиф қилган Капиталбанк ғолиб бўлди.

Foto: Yoshlik sport majmuasi, sport maktabi, Buxoro, Piri Dastgir ko'chasi  – Yandex Maps

Капиталбанк актив ва унинг балансидаги спорт-соғломлаштириш мажмуасининг фаолият турини 10 йил муддат сақлаб қолиш мажбуриятини олади.

Мажмуа ҳудудида спорт-соғломлаштириш фаолиятига тўғри келмайдиган бино-иншоотларнинг қурилишига йўл қўйилмайди. Таъмирлаш-тиклаш ишлари қатъиян архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг рухсати билан амалга оширилади.

Anorbank ва давлат бинолари

Anorbank йил давомида умумий қиймати 439,5 миллиард сўм (34 миллион доллар) бўлган иккита йирик давлат биносини харид қилди:

  1. Энергетика вазирлиги биноси. Банк кузатув кенгаши 26 декабрда вазирлик жойлашган биноларни 254,5 миллиард сўмга сотиб олиш бўйича қарор қабул қилган (маълумот 2025 йил январида эълон қилинди).
  2. “Ўзтрансгаз” биноси. Вазирлик яқинида жойлашган ушбу бино 185 миллиард сўмга сотиб олинган.

Қурилиш вазирлиги биноси 182 млрд сўмга сотилди

Qurilish vazirligining Toshkentdagi ma'muriy binosi 182,5 mlrd so'mga  sotildi – Spot

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абай кўчаси 6-уй манзилида жойлашган биноси аукционда 182,5 миллиард сўмга сотилди. Умумий майдони 11 725 кв. метр (0,5 гектар) бўлган бинода харидор офис ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этиши шарт.

“Ўзавтойўл” биноси 242 млрд сўмга сотилди

Автомобиль йўллари қўмитаси (“Ўзавтойўл”)нинг Тошкент марказида “Ҳамид Олимжон” метро бекати ёнида жойлашган офис биноси электрон савдоларда 242,09 млрд сўмга сотилди.

Тошкент марказидаги «Ўзавтойўл» биноси 242 млрд сўмга сотилди – Ўзбекистон  янгиликлари – Gazeta

E-аукцион платформасидаги аукцион 18 декабрь куни бўлиб ўтди ва 15 дақиқадан камроқ вақт давом этди. Бошланғич нархдан 5 фоизга юқори бўлган ягона таклифни Қобилжон Мамадиёрович Норбеков киритди. Объектнинг бошланғич нархи 230,56 млрд сўмни ташкил қилган.

Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 19,3 минг кв. метр, туташ ҳудуд майдони эса 1 гектардан ортиқ. Объект барча зарур муҳандислик коммуникациялари — газ таъминоти, электр энергияси, сув таъминоти ва канализация билан таъминланган.

UzBAT’даги давлат улуши 270 млрд сўмга сотилди

6-октабр куни Тошкент фонд биржасининг Него майдончасида тамаки ишлаб чиқарувчи UzBAT АЖ акциялари бўйича йирик битим ўтказилди. Давлатга тегишли бўлган 2,6 фоиз улуш (641 661 дона акция) 269,8 миллиард сўмга сотилди. Ушбу битим натижасида компаниянинг бозор капиталлашуви 10,36 триллион сўмга (қарийб 855 миллион доллар) етди.

UzPost можароси: Uzum vs Wildberries

2025 йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири почта оператори UzPost атрофида кечди. Октабр ойида компания Россиянинг Wildberries маркетплейсига сотилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Газета.уз маълумотларига кўра, битимдан аввал компания устав капитали 38,06 млрд сўмдан 52,56 млрд сўмгача оширилган. Бу ўсиш Муниципал активларни бошқариш марказидан олинган 50 та почта биносининг (77,3 млрд сўм қийматда) устав капиталига киритилиши ҳисобига амалга оширилган.

UzPost хусусийлаштирилиши эҳтимолига оид хабарлар фонида Uzum компания ривожланишига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Кейинчалик Uzum UzPost’ни хусусийлаштириш бўйича савдоларда иштирок этиш ниятида ва Давлат активларига ариза топширган. Компания почтани бошқариш “нафақат бизнес, балки миллий манфаатларни” ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак, деб ҳисоблашини маълум қилган. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давактив агентлигига хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан тақдимнома киритди. 

Бу воқеалар фонида Habikatura томонидан мавзуга оид карикатура ҳам эълон қилинган.

Деҳқонобод калий заводи расмий хабар берилмасдан хусусийлаштирилди

128,2 млн АҚШ долларига қурилган Деҳқонобод калий заводи устав капиталининг 100 фоизи 2024 йил ноябрида ташкил этилган Asian Chemical Group’га ўтказилди

Устав фонди 19,6 млн сўм бўлган компаниянинг 51 фоизи OV Industrial Investments L.L.C-FZ’га, 49 фоизи эса New Industrial Technologies МЧЖга тегишли. 

Деҳқонобод калий заводи расмий хабар берилмасдан хусусийлаштирилди

Иккинчи компания эгаси Paynet ва Humo тўлов тизимлари ҳамда Asia Alliance Bank’нинг йирик улушига эгалиги билан танилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Деҳқонобод калий заводидаги давлат улушини профессионал консулътантлар иштирокида, 2025 йил охиригача халқаро бозор орқали оммавий савдога чиқариш кўзда тутилган эди. 

Chevrolet компонентларини ишлаб чиқарувчи компания 18,2 млн долларга сотилди

Avto Climate Control автомобилларга иситиш ва совитиш тизимларини ишлаб чиқарувчи корхонадаги давлат улуши Best Pipe and Parts компаниясига 230 млрд сўмга сотилди. Харидор камида 10 йил давомида фаолият профилини сақлаб қолиш ва GM билан ҳамкорлик шартларига риоя қилиш мажбуриятини олган.

Avto climate control LLC, ventilation systems, Andizhan, Bobur Avenue, 73A  — Yandex Maps

Best Pipe and Parts АЖ (2023 йилгача Uz-Dongwong Co) бозорда 1996 йилдан буён фаолият юритиб келади ва автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

“Автоойна” компанияси 200,5 млрд сўмга сотилди

Давактив май ойида Автоойна мобил ойна ишлаб чиқарувчисидаги 100 фоизлик давлат улуши сотилганини маълум қилган эди. Унга кўра, харидор компаниянинг асосий фаолиятини камида 10 йил давомида сақлаб туришга, General Motors билан лицензия шартномаларига ва бошқа тегишли талабларга риоя қилишга рози бўлган.

Хусусийлаштирилган “Кварц” яна давлатга қайтди

2025 йилнинг энг ноодатий иқтисодий воқеаси Ўзбекистондаги энг йирик шиша ва банка ишлаб чиқарувчиси бўлган “Кварц” акциядорлик жамиятининг хусусий сектордан яна давлат балансига қайтарилиши бўлди.

2023 йилнинг февраль ойида заводнинг 89,78 фоиз давлат акциялари “Қувасойсемент” АЖга сотилган эди. Битим қиймати 265 миллиард сўм этиб белгиланган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив)нинг 2025 йилги баёнотидан маълум бўлдики, ўшанда тўлов биратўла эмас, балки 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан келишилган экан (2023-йилги хабарларда бу тафсилот очиқланмаган эди).

“Қувасойсемент” молиявий қийинчиликлар туфайли белгиланган тўловларни амалга ошира олмаган ва шартномани бекор қилишни ўзи сўраб мурожаат қилган. 2025 йил 14 февралдаги ўзаро келишувга асосан завод яна давлатга ўтди.

Хусусийлаштиришдан олдин завод даромад билан ишлаётган эди, бироқ хусусий қўлга ўтгач, унинг молиявий кўрсаткичлари кескин ёмонлашди:

  • 2021 йил (давлат қўлида): 54,7 млрд сўм соф фойда.
  • 2022 йил (давлат қўлида): 64,3 млрд сўм соф фойда.
  • 2024 йил (хусусий бошқарувда): Завод 142 миллиард сўм зарар билан чиқди. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берган:

“Жамиятнинг 89,78% акциялар пакетини давлат ихтиёрига қайтарилиши олди-сотди шартномаси шартлари тўлиқ бажарилмаганлиги натижасида юз берган ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳолат хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ёхуд миллийлаштириш ҳисобланмайди”, — дейилади агентлик хабарида.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+