12 179.870 so‘m

increase

8.260

14 079.930 so‘m

decrease

-37.920

148.520 so‘m

decrease

-1.280

12 179.870 so‘m

increase

8.260

7 соат аввал
Иқтисодиёт
34

Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йилда $3,5 млрд соф фойда олди

Ҳисоботга кўра, компаниянинг тушуми $10,8 млрдга, соф фойдаси эса $3,5 млрдга етиб, мос равишда 46% ва 64% ўсиш қайд этди. Натижаларнинг яхшиланишига глобал бозорда олтин нархининг тарихий даражада ўсиши сабаб бўлган. Шунингдек, Марказий банк йил давомида комбинатдан қарийб 10 млрдлик олтин сотиб олган.

Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йилда $3,5 млрд соф фойда олди
Фото: AI/Pinkod.uz

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2025 йил учун IFRS стандартлари асосида тайёрланган молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, 2025 йилда комбинатнинг умумий тушуми $10,8 млрдни ташкил этди. Бу 2024 йилги $7,4 млрдлик кўрсаткичга нисбатан 46 фоизга кўпроқ.

Йил якунида компаниянинг ялпи фойдаси $6,5 млрд, операцион фойдаси эса $6,2 млрд бўлди. Даромад солиғи ва бошқа барча харажатлар чегириб ташланганидан сўнг, соф фойда $3,5 млрдни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги $2,1 млрдга нисбатан 64 фоизга юқори кўрсаткичдир.

Молиявий натижаларнинг кескин ўсишига олтин нархининг глобал миқёсда рекорд даражада қимматлашгани асосий омил бўлди. London Bullion Market Association (LBMA) маълумотларига кўра, 2025 йилда олтиннинг ўртача нархи троя унцияси учун $3 440 га етди. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич $2 389 бўлган — яъни бир йил ичида нарх 44 фоизга ошган.

Компаниянинг асосий мижози Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бўлиб, унга олтин сотишдан тушган тушум $9,99 млрдни ташкил этди.

Таннарх тузилмасига кўра, 2025 йилда маҳсулот сотишнинг умумий таннархи $4,3 млрд бўлган. Бироқ тушум ўсиши таннарх ўсишидан сезиларли даражада юқори бўлгани сабабли, компаниянинг фойдаси ҳам кескин ортган.

2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, комбинатнинг умумий қарзи $2,46 млрд, капитали эса $5,4 млрдни ташкил этди. Хусусан, НКМК 2025 йил май ойида Лондонда $500 млн номинал қийматдаги евробондларни 6,75 фоизлик купон ставкаси билан, 2030 йил муддат билан жойлаштирди.

Комбинатнинг ягона акциядори давлат ҳисобланади. 2025 йилда давлатга тўланган дивидендлар $3,2 млрдга етди, бу 2024 йилдаги $1,73 млрдга нисбатан 85 фоизга кўп. 2026 йилнинг январь–март ойларида эса яна $248 млн дивиденд тўланган.


Аввалроқ Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) Ўзбекистон ва Буюк Британияда иккита IPO ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилганди. Давлат корхонаси қарзларни ҳам инобатга олган ҳолда тахминан 20 миллиард долларлик баҳолашга эришишни кутмоқда.

Бироқ, Bloomberg хабарига кўра, НКМКнинг IPO жараёни кечикиши мумкин. Ҳукумат олтин қазиб олувчи компания IPO’дан сўнг давлат бюджетига тўланадиган йирик дивидендлар қисқариб кетишидан хавотир билдирмоқда. Шу сабабли 2026 йил бошида ўтказилиши режалаштирилган IPO амалга ошмай қолган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+