MrBeast 9 октябрь куни Тошкентга келади
YouTube’да 520 млнга яқин обуначига эга америкалик блогер Jimmy Donaldson — MrBeast 9 октябрь куни Ўзбекистонга келади. У Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси таклифига биноан Тошкентдаги махсус тадбирда қатнашади. Тадбирга кириш бепул, бироқ иштирокчилар рўйхатдан ўтганлар орасидан тасодифий танланади.

MrBeast номи билан танилган Jimmy Donaldson 9 октябрь куни Тошкентда ўтказиладиган жамоатчилик дастурида иштирок этади. Ташриф Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси — ACDF томонидан ташкил этилмоқда.
Тадбирда фақат 18 ёшга тўлган ва Тошкентда шахсан қатнашa оладиганлар иштирок этиши мумкин. Бошқа ҳудуд ёки давлатдан келадиган қатнашчиларнинг йўлкира, яшаш ва бошқа харажатлари ташкилотчилар томонидан қопланмайди.
Рўйхатдан ўтиш 6 октябрь куни соат 12:00 да бошланган ва 8 октябрь соат 12:00 гача давом этади. Расмий платформада анкета тўлдириш, паспорт ёки ID-карта нусхасини юклаш, фаол электрон почта манзили ва Ўзбекистоннинг +998 кодли телефон рақамини кўрсатиш талаб қилинади. Бундан ташқари, Тошкент замонавий санъат марказининг Instagram саҳифасига обуна бўлиш ҳам рўйхатдан ўтиш шартларидан бири сифатида кўрсатилган.
Тадбирга қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Ҳар бир шахс фақат бир марта ариза топшириши мумкин. Такрорий, автоматик ёки нотўғри тўлдирилган аризалар саралашдан олдин чиқариб ташланади.
Рўйхатдан ўтганларнинг барчаси тадбирга кира олмайди. Аризалар қабул қилиш якунлангач, талабларга жавоб берган номзодлар компьютер тизими орқали тасодифий танланади. Ташкилотчиларга кўра, натижага иштирокчининг шахсий алоқалари, ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони ёки анкетадаги жавоблари таъсир қилмайди.
Танланганларга электрон почта орқали тадбир тафсилотлари ва шахсий QR-код юборилади. Ажратилган жойни бошқа шахсга бериш, сотиш ёки алмаштириш мумкин эмас, шунингдек, тадбирга ҳамроҳ олиб киришга рухсат берилмайди.
MrBeast ҳозир YouTube’даги энг катта аудиторияга эга каналлардан бири. 6 октябрь ҳолатида унинг асосий канали 520 млн обуначига етган ва видеоларининг жами кўришлари 141,7 млрддан ошган.
Ташкилотчилар рўйхатдан ўтиш бепул эканини алоҳида қайд этган. Жараёнда банк картаси реквизитлари ёки аккаунт пароллари сўралмайди; тадбир ва рўйхатдан ўтиш бўйича расмий маълумотлар ACDF каналлари орқали берилади.









