11 975.360 so‘m

decrease

-98.060

14 020.750 so‘m

decrease

-113.600

162.910 so‘m

decrease

-1.560

11 975.360 so‘m

decrease

-98.060

6 соат аввал
Бозор
24

Миллий инвестиция жамғармасининг илк IPO’си қандай кечди?

Давлат UzNIF’даги 31 фоизлик улушини Лондон ва Тошкент фонд биржалари орқали инвесторларга сотиб, қарийб 603,6 млн доллар жалб қилди. Жойлаштириш натижасида жамғарма қиймати қарийб 1,95 млрд долларга баҳоланди.

Сотилган улушнинг қарийб 97 фоизи Лондон бозорида GDR шаклида, 3 фоизга яқини эса Тошкент фонд биржасида оддий акциялар кўринишида жойлаштирилди.

Мазкур IPO Ўзбекистон капитал бозори учун муҳим воқеа ҳисобланади, чунки мамлакатда шу пайтгача давлат ёки хусусий сектор кесимида бундай миқёсдаги оммавий жойлаштирув кузатилмаган.

Миллий инвестиция жамғармасининг илк IPO’си қандай кечди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) илк оммавий жойлаштируви (IPO) мамлакат капитал бозори учун муҳим воқеалардан бири бўлди. IPO икки йўналишда: Лондон фонд биржасида глобал депозитар тилхатлар ҳамда Тошкент фонд биржасида оддий акциялар шаклида амалга оширилди.

IPO якунларига кўра, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жамғарма устав капиталининг 31 фоизини инвесторларга сотди. Жами битимлар ҳажми қарийб 603,6 млн долларни ташкил қилди. Бу маблағ UzNIF’га эмас, сотувчи акциядорга, яъни давлатга йўналтирилади. Мазкур жойлаштриишдан кейин жамғарма қиймати тахминан 1,95 млрд долларга баҳоланди.

Лондон бозорида UzNIF глобал депозитар тилхатлари 25 доллардан жойлаштирилди. Битта GDR 64 700 дона оддий акцияни ифодалайди. Тошкентдаги таклифда эса бир дона акция нархи 4,65 сўм этиб белгиланди. Ўзбекистонлик резидент жисмоний шахслар учун 12 млрд сўмгача бўлган буюртмаларда 5 фоизлик чегирма қўлланиб, нарх 4,41 сўмни ташкил этди.

Таклифнинг асосий қисми халқаро инвесторларга тўғри келди. Лондон йўналишида тахминан 1,52 трлн дона акция GDR шаклида сотилди. Тошкент таклифи доирасида эса маҳаллий институционал ва чакана инвесторлар қарийб 47,9 млрд дона акция сотиб олган.

IPO олдидан UzNIF йирик халқаро инвесторлар билан келишувларга эришган. BlackRock, Franklin Resources, Redwheel ҳамда Allan & Gill Gray Фоундатионъга тегишли икки треасурй компанияси жами 300 млн долларлик GDR сотиб олиш мажбуриятини олган. Оддий қилиб айтганда, IPO ҳали якунланмасидан туриб, йирик инвесторлар UzNIF акцияларининг катта қисмини сотиб олишга тайёрлигини билдирган. Бу бошқа инвесторлар учун ҳам ишонч сигнали бўлиб хизмат қилган.

Лондон фонд биржасида UzNIF GDR’лари бўйича шартли савдолар 13 май куни UZNF ва UZ20 тиcкерлари остида бошланди. Тўлиқ савдолар, шунингдек Тошкент фонд биржасида акциялар савдоси 18 май атрофида бошланиши кутилмоқда. Лондон бозорида қоғозлар 25 долларлик жойлаштириш нархидан юқорироқ — тахминан 26 доллар атрофида очилгани хабар қилинди.

UzNIF 2024 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги стратегик давлат корхоналарида 25 фоиздан 40 фоизгача улушларга эга. Жамғарма портфелида транспорт, энергетика, телекоммуникация, банк ва инфратузилма каби соҳалардаги йирик компаниялар бор. Буларга мисол қилиб Узбекистан Airways, SQB ва “Ўзбектелеком”ни келтириш мумкин. Reuters маълумотига кўра, UzNIF активлари тахминан 2,44 млрд доллар атрофида баҳоланган.

Бу IPO Ўзбекистон учун бир неча жиҳатдан аҳамиятли. Биринчидан, бу давлатга тегишли ўзбек эмитентининг халқаро капитал бозорига чиқишидаги муҳим босқич бўлди. Иккинчидан, Тошкент фонд бозорида чакана инвесторлар учун йирик давлат активларига эгалик қилиш имконияти пайдо бўлди. Учинчидан, UzNIF листинги келажакдаги бошқа йирик IPO’лар, жумладан жамғарма портфелидаги компаниялар ёки бошқа давлат активлари учун синов вазифасини бажаради.

Шу билан бирга, IPO муваффақиятини фақат жалб қилинган маблағ ҳажми билан баҳолаш етарли эмас. Кейинги босқичда инвесторлар учун асосий саволлар UzNIF портфелидаги компанияларнинг дивиденд сиёсати, корпоратив бошқарув сифати, акциялар ликвидлиги ва давлат иштирокининг келажакдаги камайиш суръатлари билан боғлиқ бўлади.

Президентнинг ПҚ-74-сон қарорига кўра, жамғарма улуши мавжуд бўлган жамиятлар бўйича ҳисобланган дивидендларни уларнинг ўз ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+