Миллий ҳисоботда фойда, МҲХСда зарар: айрим банкларнинг 2025 йилги молиявий натижалари кескин пасайди
Ўзбекистон банклари 2025 йилни миллий ҳисоб стандартлари бўйича рекорд даражадаги фойда билан якунлаган бўлса-да, аудитдан ўтган халқаро молиявий ҳисоботлар айрим банкларда анча паст натижаларни кўрсатмоқда. Хусусан, Алоқабанк МҲХС бўйича фойдадан зарарга ўтган, Tenge Банкнинг соф фойдаси эса қарийб 98 фоизга қисқарган.

Ўзбекистондаги банкларнинг 2025 йилдаги жами соф фойдаси 15,2 трлн сўмдан ошган. Бу 2024 йилга нисбатан 2,22 баравар кўп. Миллий стандартлар бўйича фақат Yangi Bank йилни зарар билан якунлаган, қолган банкларда фойда қайд этилган.
Бироқ банклар эълон қилаётган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича аудитланган натижалар миллий ҳисоботлардаги рақамлардан сезиларли фарқ қилмоқда.
“Алоқабанк” фойдадан зарарга ўтди
“Алоқабанк” 2025 йилда миллий ҳисоб стандартлари бўйича 251,5 млрд сўм соф фойда олган. Бу 2024 йилдаги 190 млрд сўмлик натижадан 32,4 фоизга кўп.
МҲХС бўйича эса банк 193,9 млрд сўм соф зарар қайд этган. Таққослаш учун, 2024 йилда банкнинг халқаро стандартлар бўйича соф фойдаси 252,9 млрд сўмни ташкил этган эди. Шундай қилиб, бир йил ичида молиявий натижа қарийб 447 млрд сўмга ёмонлашган.
Банкнинг кредит йўқотишлари учун захиралар ажратилгандан кейинги соф фоиз даромади 276,1 млрд сўмдан 158,3 млрд сўмгача камайган. Натижада 2024 йилда 295 млрд сўмни ташкил этган солиқдан олдинги фойда 2025 йилда 305,3 млрд сўмлик зарарга айланган.
“Тенге Банк”нинг МҲХС бўйича фойдаси 4 млрд сўмгача тушди
“Тенге Банк”нинг 2025 йилдаги миллий ҳисоб стандартлари бўйича соф фойдаси 52,1 млрд сўмни ташкил этган. Deloitte аудитидан ўтган МҲХС ҳисоботида эса банкнинг соф фойдаси 3,975 млрд сўм деб кўрсатилган. Яъни халқаро стандартлар бўйича натижа миллий ҳисоботдаги кўрсаткичдан 48,1 млрд сўм ёки 92,4 фоизга кам — қарийб 13 баравар паст.
Банк 2024 йилда МҲХС бўйича 167,347 млрд сўм соф фойда олган эди. Шу тариқа, халқаро стандартлар бўйича соф фойда бир йил ичида 163,4 млрд сўм ёки 97,6 фоизга қисқарган.
Пасайишга, аввало, фоизли даромадлар ва кредит таваккалчилиги бўйича захиралар таъсир қилган. Кредит йўқотишлари учун захиралар ҳисобга олинишидан олдинги соф фоиз даромади 343,3 млрд сўмдан 284,9 млрд сўмгача камайган. Бундан ташқари, 2024 йилда кредитлар бўйича аввал ажратилган захираларнинг 111,9 млрд сўми қайта тикланган бўлса, 2025 йилда аксинча, 20,8 млрд сўмлик қўшимча захира ажратилган.
Натижада захиралардан кейинги соф фоиз даромади 455,2 млрд сўмдан 264,1 млрд сўмгача, операцион даромад эса 579,4 млрд сўмдан 417 млрд сўмгача камайган. Шу билан бирга, операцион харажатлар 357 млрд сўмдан 392,8 млрд сўмгача ошган. Банкнинг солиқдан олдинги фойдаси 222,4 млрд сўмдан 24,2 млрд сўмгача қисқарган.
Ipak Yuli Banki
Ипак Юли банки 2025 йилни миллий ҳисоб стандартлари бўйича 929,3 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. KPMG аудитидан ўтган консолидациялашган МҲХС ҳисоботида эса соф фойда 886,3 млрд сўмни ташкил этган. Шу тариқа, халқаро стандартлар бўйича натижа миллий ҳисоботдагидан қарийб 43 млрд сўм ёки 4,6 фоизга паст бўлган.
МҲХС бўйича соф фойда 2024 йилдаги 886,916 млрд сўмдан 2025 йилда 886,309 млрд сўмгача камайган. Йиллик пасайиш атиги 607 млн сўм ёки 0,07 фоизни ташкил этган.
“Ипотека-банк”да МҲХС фойдаси миллий ҳисоботдагидан юқори чиқди
“Ипотека-банк” 2025 йилни миллий ҳисоб стандартлари бўйича 399,9 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Аудитдан ўтган консолидациялашган МҲХС ҳисоботида эса соф фойда 2,047 трлн сўмни ташкил этган — бу миллий ҳисоботдаги натижадан қарийб 5,1 баравар кўп.
МҲХС бўйича фойда 2024 йилдаги 1,287 трлн сўмдан 2025 йилда 2,047 трлн сўмгача ошган. Йиллик ўсиш 59 фоизни ташкил этган. Бироқ кўрсаткичларни тўғридан-тўғри солиштиришда МҲХС ҳисоботи банкнинг шўба корхоналарини ҳам қамраб олишини ҳисобга олиш лозим.
Нега миллий ва халқаро ҳисобот натижалари фарқ қилади?
МҲХС банкнинг кредит портфелидаги хавфларни, активларнинг ҳақиқий қийматини ва келажакда юз бериши мумкин бўлган йўқотишларни кенгроқ ҳисобга олади. Хусусан, IFRS 9 стандарти банклардан кредит бўйича зарар юз берганидан кейингина эмас, балки келажакда кутилаётган кредит йўқотишлари учун ҳам олдиндан захира шакллантиришни талаб қилади.
Шунингдек, халқаро ҳисоботда активларни адолатли қийматда баҳолаш, кечиктирилган солиқлар, шўба корхоналар натижаларини консолидация қилиш ва айрим даромадларни тан олиш муддатлари миллий стандартлардан фарқ қилиши мумкин. Шу сабаб банк миллий ҳисоботда фойда кўрсатгани ҳолда, МҲХС бўйича пастроқ фойда ёки зарар қайд этиши мумкин.









