Микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари қандай ўзгармоқда?
1 декабрь ҳолатига кўра, банклардаги микроқарзлар ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари статистик маълумотлар эълон қилина бошлаганидан буён энг паст даражага тушди.

Марказий банк банклар кесимида микроқарзлар ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди. Унга кўра, мазкур маҳсулотлар бўйича фоиз ставкаси маълумотлар эълон қилина бошланганидан бери энг паст даражага тушган.
Умумий кўрсаткичларга назар ташласак, жисмоний шахсларга ажратилаётган кредитлар (микроқарзлар бундан мустасно) ўртача 22,1% ни, юридик шахслар учун эса 23,1% ни ташкил этмоқда.
Микроқарзлар
Микроқарзлар бўйича ўртача ставка 1 декабрь ҳолатига кўра, 31,4 фоизгача пасайди. Бу статистика эълон қилина бошлангандан кейинги давр учун энг паст кўрсаткичдир. Июль ойи бошида маълумотлар эълон қилина бошланган. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич 3,5 фоизга пасайди.
Хусусан, энг паст фоиз ставкалари Алоқабанк (22,7%), Трастбанк (23,8%) ва Инфинбанк (25,0%) ҳиссасига тўғри келади.

Аксинча, рақамли банклар ва айрим хусусий банкларда ставкалар нисбатан юқори шаклланган бўлиб, Анорбанк (40,7%), Tenge Bank (39,8%) ва TBC Bank (39,4%) бу борада етакчилик қилмоқда.
Автокредитлар

1 декабрь ҳолатига кўра, банклардаги автокредитларнинг ўртача йиллик фоиз ставкаси 23,6 фоизни ташкил этмоқда.
Бу йўналишда энг жозибадор таклифлар "Инфинбанк" (18,2%) ва "Ипотека-банк" (20,0%) томонидан тақдим этилаётган бўлса, энг юқори кўрсаткичлар "Трастбанк" (26,6%) ва "СҚБ" (26,4%) да қайд этилган.









