Май ойида инфляция 2024 йил июнидан бери энг юқори даражага етди
Май ойида йиллик инфляция 8,7 фоизгача пасайиб, сўнгги 12 ой ичидаги энг паст даражага тушди. Шу билан бирга, ойлик инфляция 1,5 фоизни ташкил этиб, 2024 йил июнидан бери энг юқори даражага етди.

Май ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари 1,5 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.
Ойлик инфляция суръатлари апрель ойига нисбатан икки баравардан кўпроққа тезлашди ва ўтган йил июнидан буён энг юқори даражага етди. Йил бошидан буён нархларнинг умумий ўсиши 4,4 фоизни ташкил этди, ўртача ойлик кўрсаткич эса 0,9 фоизни ташкил қилиб, 2023 йилнинг биринчи беш ойидаги 0,7 фоиздан ва 2024 йилдаги 1,1 фоиздан паст бўлди.
Йиллик инфляция 8,7 фоизгача пасайиб, сўнги 12 ой ичидаги энг паст кўрсаткичга етди. 2024 йил май ойида энергия тарифлари оширилганлиги билан боғлиқ юқори база эффекти тугади.

Май ойида мавсумий омиллар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга арзонлашди, бу эса умумий истеъмол нархлари индексининг пасайишига ёрдам берди. Йиллик диапазонда озиқ-овқат инфляцияси 6,5 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг май ойига нисбатан деярли 1 фоизга юқоридир.
Сабзавотлар ва дуккакли ўсимликлар янги ҳосил бозорга чиққани сабабли 10,7 фоизга арзонлашди. Энг кўп арзонлашган маҳсулотлар — бодринг (-61%), помидор (-27%) ва карам (-14%) бўлди. Шу билан бирга, сабзи нархи 15 фоизга ошди.
Бундан ташқари, май ойида тухум (-4%), гуруч (-0,5%), парранда гўшти (-0,3−0,5%) ва сут (-0,2%) арзонлашди. Айни пайтда шакар нархи 2,2 фоизга, ўсимлик ёғи эса 4 фоизга ошди.
Май ойида саноат товарлари нархларининг ўртача ўсиши 1,7 фоизгача тезлашди, сўнгги 12 ой ичида эса 8,2 фоизга етди. Хусусан, аҳолига мўлжалланган суюлтирилган газ 25 фоизга, автомобиллар учун метан эса 27 фоизга қимматлашди.
Пуллик хизматлар соҳасидаги инфляция умумий нархлар ўсишига асосий ҳисса қўшди — ой давомида 5,9 фоизга, йиллик ҳисобда эса 15,9 фоизга ошди. Бунга асосий сабаб — электр энергияси тарифларининг ўртача 18,8 фоизга, газ нархининг эса 39,2 фоизга кўтарилиши бўлди.
Транспорт соҳасида нархлар ўртача 1 фоизга ошди, бу асосан автомобиль транспорти (+2,4%) ва темир йўл ташишлари (+0,1%) нархининг ошиши билан боғлиқ.