Марказий банк сентябрь ойида 8 та банкни жаримага тортди
Марказий банк Банк назорати қўмитаси сентябрь ойида 43 та масалани кўриб чиқди. Йиғилишларда банк ва микромолия ташкилотларининг фаолияти, раҳбарият номзодлари, пруденсиал меъёрларга риоя этилиши ҳамда молиявий назорат масалалари муҳокама қилинди. Натижада айрим банк ва тўлов ташкилотларига огоҳлантириш ва жарималар қўлланилди.

Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси сентабр ойидаги йиғилишларда 43 та масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита томонидан рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 28 та масала муҳокама қилинди. Шундан:
- 5 таси кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказишга,
- 2 таси янги микромолия ташкилотларини ҳисобга олишга,
- 3 таси эса кредит ташкилотининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат беришга оид бўлди.
Бундан ташқари, 3 та масала банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи аудиторлик сертификатини тақдим этиш, 1 таси микромолия банкига лицензия бериш, ҳамда 14 таси банк раҳбарияти ва муҳим ходимлар номзодларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлди.
Қўмита, шунингдек, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 15 та масалани кўриб чиқди. Муҳокамаларда Марказий банк кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрларига риоя этилиши, шунингдек, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари таҳлил қилинди.
Банк назорати қўмитаси йиғилишларида банк мижозлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Натижада:
- 7 та банк ва 13 та тўлов ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Улар пруденсиал норматив талабларини бузган, фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштирмаган ҳамда инспекция текширувларида камчиликларга йўл қўйган.
- 8 та банкка эса жарима санкцияси қўлланилди. Уларнинг фаолиятида жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши қоидаларга риоя этилмаган.
Шунингдек, мазкур банклар истеъмолчилар билан ишлашда қонунчилик талабларини тўлиқ бажармагани ҳам қайд этилди.
Аввалроқ Марказий банк томонидан TBC банк, Даврбанк ва Ҳамкорбанк’га нисбатан умумий 2,5 млрд сўм жарима қўллангани хабар қилинган эди.