12 447.350 so‘m

increase

86.490

14 545.970 so‘m

increase

66.460

146.080 so‘m

increase

0.420

12 447.350 so‘m

increase

86.490

2 кун аввал
Бозор

Марказий банк рақамли сўм ва стейблкоинларни жорий этишни кўриб чиқмоқда — Тимур Ишметов

Регулятор аллақачон Президентга стейблкоинлардан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳа бошлаш таклифини киритган. Лойиҳани Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилмоқда ва унинг натижаларига кўра аҳолининг рақамли валюталарга бўлган талаби баҳоланади.

Марказий банк рақамли сўм ва стейблкоинларни жорий этишни кўриб чиқмоқда — Тимур Ишметов

Ўзбекистон Марказий банки ўзининг рақамли валютаси — рақамли сўм ва тижорат банклари томонидан чиқарилиши мумкин бўлган стейблкоинларни муомалага киритиш масаласини ўрганмоқда. 

Бу ҳақда регулятор раҳбари Тимур Ишметов 11 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк рақамли валюталарни икки турга ажратиб ўрганмоқда: Марказий банкнинг рақамли валютаси — CBDC(central bank digital currency) ва тижорат банклари томонидан чиқариладиган стейблкоинлар (барқарор нархга эга криптовалюта). 

“Биз ҳозирда иккала вариантни ҳам кўриб чиқяпмиз. Кеча Президентга стейблкоинлардан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳани бошлаш таклиффини бердик. Биз ҳамма “опсияларни” кўриб чиқмоқчимиз”, — деди у.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, яқинда АҚШ Федерал Резерв тизими рақамли доллар чиқаришдан воз кечди ва фақат банклар томонидан эмиссияга рухсат берди. Бироқ бу ҳам Марказий банк учун хавф туғдиради. 

“Банклар чиқарадиган стейблкоинларнинг пул ва резервлар билан тўлиқ таъминланиши қатъий назорат қилиниши лозим. Акс ҳолда, бу қўшимча пул эмиссиясига тенг бўлиб қолиши мумкин”, — дея тушунтирди у.

Марказий банк  Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда стейблкоинларни тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Пилот лойиҳа якунида аҳоли ва бизнес субъектларининг рақамли валюталарга бўлган талаб даражаси баҳоланади.

«Рақамли валюталар бўйича юқори кутишлар бор. Аммо дунё давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, агар мамлакатда яхши ривожланган тўлов тизими йўлга қўйилган бўлса, одамлар қўшимча тўлов воситасига қизиқмайди. Шунинг учун аввал синов ўтказамиз ва амалиётдан келиб чиқиб натижани кўрамиз», — деди Ишметов.

Бундан ташқари, Марказий банк раҳбари регулятор ўзининг рақамли валютасини чиқариш масаласини кўриб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлади. 

Бу нафақат аҳолининг ва бизнеснинг чакана тўловларида, балки Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги операцияларда ҳамда Марказий банкнинг бошқа давлатлар билан транзаксияларида қўлланилиши мумкин. 

“Ҳамма вариантларни тест қилиб ўрганиш ниятимиз бор”, — дея хулоса қилди Марказий банк раиси.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+