12 029.200 so‘m

decrease

-43.760

14 065.740 so‘m

decrease

-111.540

160.260 so‘m

decrease

-0.910

12 029.200 so‘m

decrease

-43.760

Якин 43 дақиқа ичида
Банк
18

Марказий банк нега асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди?

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Қарор инфлятсия пасаяётган бўлса-да, нархлар барқарорлашуви сустлашгани, инфлятсион кутилмалар прогноздан юқори қолаётгани ва иқтисодиётда юқори ялпи талаб сақланаётгани билан изоҳланди. Регуляторга кўра, жорий қатъий пул-кредит шароитлари инфлятсияни 5 фоизлик таргетга барқарор тушириш учун зарур.

Марказий банк нега асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк бошқаруви 2026 йил 29 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилди. Регулятор бу қарорни инфляция пасаяётган бўлса-да, иқтисодиётда нархларга босим берувчи омиллар ҳали сақланиб қолаётгани билан изоҳлади.

2026 йил март ойида умумий инфляция йиллик 7,1 фоизгача пасайди, базавий инфляция эса 5,7 фоизни ташкил этди. Янгиланган прогнозларга кўра, йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич Марказий банкнинг 5 фоизлик таргетидан юқори. Шу сабабли регулятор пул-кредит шароитларини юмшатишга ҳали эрта, деб ҳисобламоқда.

Марказий банкка кўра, сўнгги ойларда инфляция пасайган бўлса-да, нархларнинг барқарорлашув жараёни сустлашган. Март ойидаги пасайиш асосан айрим товарлар бўйича ўтган йилги юқори база таъсирининг чиқиб кетиши ҳисобига юз берган. Бу эса инфляцион босимлар тўлиқ бартараф этилганини англатмайди.

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар ҳам март ойида пасайишда давом этган бўлса-да, инфляциянинг прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланмоқда. Сўнгги ойлардаги инфляциянинг кенг қамровли пасайишининг секинлашиши ҳамда жорий инфляция тенденциялари иқтисодиётда маълум бир инфляцион босимлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Қарорга иқтисодий фаолликнинг юқорилиги ҳам таъсир кўрсатган. 2026 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,7 фоизга ўсди. Хизматлар, қурилиш ва савдо соҳаларидаги фаоллик иқтисодиётда ялпи талаб юқори эканини кўрсатмоқда. 

“Иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви, юқори ялпи талаб ва ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар фонида” қатъий пул-кредит шароитларини давом эттириш лозим деб топилгани хабарда қайд этилган.

Ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий зиддиятларнинг кучайиши фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ошиши бўйича хатарлар кучаймоқда. Бу, шунингдек, логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан бирга келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланаётгани, олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватламоқда.

Марказий банкка кўра, иқтисодиётда реал ҳисобда ижобий фоиз ставкалар аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватлашга ҳамда кредитлаш суръатларининг мўтадиллашувига хизмат қилмоқда. Жорий пул-кредит шароитлари сақлаб қолиниши инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш имконини беради.

Умумий инфляцияга оширувчи омиллар кучайиши ва инфляцион кутилмаларнинг ўсиши натижасида инфляция таргет даражасига эришиш кечикиши хавфи юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнь кунига белгиланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+